Элчилар ёшлар билан учрашди
Пойтахтимиздаги “Ҳилтон” меҳмонхонасида республикамизнинг хорижий мамлакатлардаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ёшлар билан мулоқот қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директор Алишер Саъдуллаев, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фарход Арзиев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъуллари, Сенат аъзолари, Ўзбекистон ёшлари умумжахон ассоциацияси ходимлари, фаол ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да устувор вазифаларни амалга оширишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда ёшларнинг халқаро рейтингларда мамлакатимиз мавқеини ошириш, бу борада мамлакатимизда ёшлар сиёсати йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларни халқаро жамоатчиликка етказиш бўйича берилган таклифлари қўллаб-қувватланди. Шунингдек, хорижда таълим олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёш ватандошларимиз билан ишлаш, улар билан мунтазам мулоқот қилиб бориш, уларнинг таклиф ва ғояларини қўллаб-қувватлаш масалалари мухокама қилинди.
– Ушбу мулоқотдан мақсад, ушбу йилнинг ёшларга оид давлат сиёсатини юритишдаги аҳамиятини тушунтириш, шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижда таълим олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйишдир, – деди Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Шохруҳмирзо Озодов. – Тадбир давомида юқоридаги долзарб масалалар юзасидан ёшларнинг фикри тингланди. Фаол ёшлар томонидан билдирилган таклифларни тизимли ва самарали амалга ошириш мақсадида улар билан доимий алоқа олиб боришга келишилди.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА