Элчи кўҳна ва боқий Бухорода бўлди
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоятда бўлиб турган Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг икки томонлама учрашувлари чоғида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Бухоро вилояти ва Тожикистон ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ижтимоий-маданий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу борада қатор таклифлар ўртага ташланди.

Тожикистон элчиси ўз навбатида Бухоро вилояти потенциалини юқори баҳолади. Савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, жумладан, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари мавжудлигини айтиб ўтди.
Учрашув сўнггида Бухоро вилояти эркин иқтисодий зоналарида саноат ва кооперация соҳаларида имкониятлар катта эканлиги эътироф этилди. Ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Ташриф дастурига кўра, элчи Абдужаббор Раҳмонзода Когон туманидаги қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “China xiang yang”, гипсокартон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Demir gypsum”, “G‘ayrat chodak” текстиль корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.
Режага мувофиқ элчи Бухоро давлат университети, Ғиждувон туманидаги Садриддин Айний уй-музейида ҳам бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири