Эл ташвишида юрган депутат
Ўз фаолияти давомида бор билими ва тажрибасини ишга солиб шу юрт, халқ фаровонлиги учун сафарбар этиб, меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан эл орасида қадр топаётган депутатларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатлигига Янги ариқ маҳалласи ҳудудидан сайланган ЎзЛиДеП фаоли Юсуф Муродовни карманаликлар яхши билади. У халқ орасида бўлиб, муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, ижобий ҳал этиб келмоқда.
Депутат қисқа муддатда ўз ташаббускорлиги ва ҳаракатчанлиги билан маҳалла аҳлининг ҳурматини қозонди. Хусусан, унинг саъй-ҳаракати ва тинимсиз равишда мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлар чиқариши натижасида маҳалланинг Қизилтом кўчасидан ўтган ичимлик суви қувурининг 450 метрлик таъмирталаб қисми тўлиқ янгиланди. Натижада сувнинг беҳуда исроф бўлишига чек қўйилди.

Шунингдек, депутатнинг саъй-ҳаракати ва тинимсиз равишда туман ҳокимлигини “безовта” қилиши, Халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида ташаббус кўрсатиши боис, Янги ариқ маҳалласининг 2700 метр масофадаги ички кўчаларига асфальт ётқизиш муаммоси ҳал этилди. Натижада туман ҳокимлиги томонидан 2,2 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилди.
Бу каби муаммоларни жойларга чиқиб манзилли ўрганишда ҳамда ижобий ҳал этишда депутатларнинг фаолигини алоҳида эътироф этиш лозим. Шунингдек, маҳалла фаоллари ва нуронийларидан тузилган жамоатчилик назорати вакиллари ҳам бу борадаги ишларга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири