Эл дардида тиниб-тинчимас ижодкор
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Фармон Тошев эл дарди билан яшайдиган, қалами тинмайдиган, виждони мудом уйғоқ ижодкор. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида устоз журналист таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий кеча ҳамда унинг IV жилдли сайланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

–Уюшмамизнинг анжуманлар зали доим маърифий руҳдаги шундай файзли анжуманлар, давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар билан банд, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Буларнинг бари адабиёт равнақи, ижод аҳли мамлакатимизда доимий эътиборда эканини англатади. Моҳир ижодкор тўрт жилдли сайланмани ёзиш учун ижоднинг машаққатли йўлларини босиб ўтди. Дарҳақиқат, ижоднинг, адабиётнинг, шеъриятнинг йўли заҳматли йўлдир. Фармон ака ижод завқини ҳам, машаққату қувончини, масъулиятини теран ҳис этиб, астойдил ижод қиладиган ижодкордир.

– Бу анжуманда Фармон аканинг шогирди сифатида иштирок этаяпмиз, десак муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари, атоқли шоир Нодир Жонузоқ. – Устозни бундан ўттиз йилларча илгари “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ишлаб юрган пайтларидан буён таниймиз. Шундан буён уларга шогирдмиз. Фармон аканинг журналистика, адабиётда жонфидолик билан ижод қилаётгани кўпчилик учун ибрат.

Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, адабиётшунос олим Нурбой Жабборов, “Гулистон” журнали бош муҳаррири, адиб ва журналист Маматқул Ҳазратқулов ва бошқалар Фармон Тошев ижоди хусусида батафсил сўзладилар.

–Фармон Тошев “Зарафшон” газетасида кўп йиллардан буён фидокорона ва самарали меҳнат қилиб келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов. – Фармон аканинг адабиётга, журналистикага садоқати унча-мунча ижодкорнинг қўлидан келмайди. У раҳбарлик қилаётган “Зарафшон” газетасида долзарб мавзудаги танқидий мақолалар, залворли материаллар муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, сайланманинг биринчи жилди қиссалар, ҳикоялардан иборат бўлиб, унга Нурилла Чори муҳаррирлик қилган. Иккинчи жилддан публицистика ва драмалар ўрин олган, нашр учун масъул – Ситорабону Шомуродова. Учинчи жилд девондан ташкил топган ва Дилрабо Мингбоева муҳаррирлигида чоп этилган. Тўртинчи жилди шеърлардан иборат. Китобга филология фанлари номзоди Толиб Жўраев муҳаррирлик қилган.
Сайланманинг ҳикоялар, қиссалар бобида ҳаётий воқеалар, ўй-кечинмалар, ғам-ташвишлар ва қувончлар, танти одамларнинг образлари гавдалантирилган. Девонга 14 жанрга оид ижод намуналари киритилган. Булар – ғазал, маснавий, фард, мусалласот, рубоий, туюқ, чистон, мурабба, мухаммас, мусаддас кабилар.
Кўп қиррали ижодкор Фармон Тошевнинг шеърлари мазмунан барча фасллар ва жамики рангларни қамраб олади. Баҳордек яшноқ, ёздек оташ, куздек донишманд, қишдек собит ҳислар ўзига хос рангларда тақдим этилади. Аллоҳга, Ватанга, инсонга, аёлга, фарзандга бўлган муҳаббат турфа шеърий жанрларда куйланади.
Ушбу сайланмадан адибнинг турли йилларда матбуот нашрларида чоп этилган бадиий-публицистик мақолалари, замонамизнинг илғор кишилари ҳақидаги портретлар, тарихий ва бугунги ҳаёт акс этган драмалар ўрин олган. Мутолаа давомида китобхон ўзи кўрган, гувоҳи бўлган, дилдан ҳис этган воқелик манзараларидан чексиз завқу шавққа тўлади, оғриқли, лекин ҳаётбахш хаёлларга чўмади. Асарлар ўзига хос ифода услуби, бадиий-эстетик таъсирчан воситаларга бойлиги билан ўқувчи эътиборини тортади.
Фармон Тошев 1954 йил 6 апрелда Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетаси мухбири, бош муҳаррири, Пахтачи тумани “Пахтачи” газетаси мухбири, бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, Самарқанд вилояти телерадио қўмитаси катта муҳаррири, “Зарафшон” газетаси мухбири, тарғибот бўлими мудири, “Ўзбекистон овози”, “Инсон ва қонун” газеталарининг вилоят бўйича мухбири, “Кўксарой” ҳудудий-ижтимоий газетаси муҳаррири бўлиб ишлади. Ҳозирда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири вазифаларида хизмат қилади.
Ижодкорнинг “Қарнабчўл қўшиғи. “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабота армони”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Мен англаган ҳақиқат”, “Мухбирлик сабоқлари”, “Соғинч” девони, “Сўз айтмоқ – саодат”, “Аёллар нима дейди?”, “Омонат”, “Кўнгил билан суҳбат”, “Тафаккур манзаралари”, “Чорраҳа”, “Гўзал изтироб”, “Адиб ва адабиёт” ва бошқа кўплаб номдаги шеърлар, қиссалар, мақолалар тўпламлари, ўттиздан ортиқ китоби нашр этилган. Устоз журналистнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб топилган.
Самимий ва жўшқин руҳда ўтган анжуманда Фармон Тошев ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. Санъаткорлар томонидан мусиқий дастур намойиш этилди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев(сурат),
ЎзА мухбири