Эл бошига иш тушганда
Вилоят ҳокими ташаббускор аёлни тақдирлади
Вилоят ҳокими ташаббускор аёлни тақдирлади
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Вобкент туманидаги пиллакорлар билан учрашди.
Туман “Агропилла” МЧЖ 7-инкубаторияси томонидан 930 қути ипак қурти тузилган шартномаларга мувофиқ фермер хўжаликлари ва касаначиларга тарқатилган.
Бир қути ипак қурти парваришига киришган ташаббускорларнинг ҳар бирига 50 килограмдан ун, 10 килодан ўсимлик ёғи, 150 минг сўмдан пул ва 4 метрдан адрас матолари берилган. Жорий йилда туманда 4 минг 564 қути ипак қуртини парваришлаб, 251 тонна пилла етиштириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 306 та фермер хўжаликлари ҳамда 928 нафар касаначилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланган.
“Анжирбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Раъно Бақоевалар нафақат илғор пиллакор, балки томорқадан самарали фойдаланиш ҳаддисини олган миришкор оиладир.
Вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, тегишли мутасаддилар мазкур хонадонда пилла парвариши ва томорқа еридан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Қишлоқ хўжалиги экинларини кўздан кечирди. Ташаббускор аёлга эсдалик совғалари топширилди.
–Айримларнинг қишлоқда яшаб, сабзи, пиёзни бозордан сотиб олишини кўриб ҳайрон қоламан, – дейди хонадон соҳибаси Раъно Бакоева. – Бунинг устига ишсизман, деб нафақа ҳам сўрашади. Томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Айримлар меҳнатдан қочиб, томорқасига фақат чорва учун беда экиб қўяди. Ахир ердан бир йилда икки, уч мартагача ҳосил олиш мумкин. Кишида иштиёқ, меҳнатга ҳавас бўлса, бас ўз ҳаётини ўзи фаровон қила олади.
Вилоят раҳбари ҳар бир дамни ғанимат билиб, томорқасидан унумли фойдаланаётган хонадонлар тажрибасини кенг оммалаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берди. Бу айниқса пандемия муносабати билан юзага келган мураккаб шароитда ҳар қачонгидан муҳим эканлиги айтилди. Томорқа ер эгаларига минерал ўғитлар, сара уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш, ўсимликларни зараркунанда ҳашорот ва касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда техника хизмати кўрсатиш масалаларида дуч келаётган муаммоларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ҳал этиб бериш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.