Эл бошига иш тушганда
Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида аҳоли вакилларидан тушган мурожаатларни ечими бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар белгилаб борилди.
Кўчатлар кўчма дўконлар орқали етказиб берилмоқда
Жорий йилнинг 8 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
–Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йиғилишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, соҳа мутасаддилари олдига қўйилган долзарб вазифалар орасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда айниқса, аҳоли томорқаларида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди OʻzLiDeP Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Ю. Йўлдошева. – Шундан келиб чиқиб тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш асосий мақсади бўлган OʻzLiDeP вилоят кенгаши ҳам карантин шароити билан боғлиқ алоҳида тегишли вазифаларни белгилаб, шу асосда иш олиб бормоқда.
Ю.Йўлдошева берган маълумотларга партиядан сайланган депутат ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ ерлардан фойдаланиш аҳволини ўрганиш, таҳлиллар асосида деҳқон ва томорқа ер эгаларига амалий ёрдам бериш мақсадида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда жойларда иш олиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Б. Умаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи вилоятда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши ҳолатини ўрганди.

Бугунги кунда вилоятда 372 минг 365 та деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги 19 минг 898 гектар экин майдонидан 19 минг 804 га ерига мавсум бошиданоқ экинлар экилган. Қолган хўжаликларда давом этаётган экин-тикин ишлари назоратга олиниб, экилмай қолган 94 гектар ердан 67 гектарига тезкорлик билан экинлар экилишига эришилди.
Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида аҳоли вакилларидан тушган мурожаатларни ечими бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар белгилаб борилди. Жумладан, Наманган шаҳрининг Атанган гузар, Ишонч ва Чаманзор маҳаллаларидаги хонадонларда экин экиш ҳолати ўрганилганда, томорқа ер эгалари томонидан узумзорлар ва боғлар парвариши учун кимёвий дорилар, минерал ўғитлар зарурлиги, яна бошқа бир қатор ҳудудларда қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик ва паррандачилик билан шуғулланаётган аҳоли чорва озуқаси топилмаётганлиги тўғрисида ўринли арз-ҳол қилди. Ишчи гуруҳи аҳоли томонидан ҳар бир кўчада ташкил этилаётган озиқ-овқат кўчма дўконларида ўсимликлар учун зарурий кимёвий дорилар, уй ҳайвонлари учун озуқа ем маҳсулотлари савдосини ҳам йўлга қўйиш билдирилган таклифлар асосида муаммони ҳал қилиш масаласини назоратга олинди.
Айниқса, деҳқончиликда ҳар бир кун ғанимат ҳисобланган айни паллада ҳар бир туманда туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда деҳқон бозорлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган кўчма дўконлари орқали аҳоли учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда, помидор, бодринг, қалампир, бақлажон, карам каби резавор ҳамда сабзавот кўчатларини етказиб бериш йўлга қўйилганидан томорқа ер эгалари мамнун.