Эл бошига иш тушганда
Коронавирус пандемияси бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини янада долзарб вазифа қилиб қўйди.
5 минг гектардан зиёд ер ўзлаштирилади
Коронавирус пандемияси бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини янада долзарб вазифа қилиб қўйди. Бу борада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш энг асосий омиллардан бири бўлиб, сабзавот, картошка экини майдонлари, боғларни кўпайтириш, фойдаланилмаётган ресурсларни очиш учун барча имкониятларни ишга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бу борада Наманган вилоятида ҳам тегишли дастур ва лойиҳаларда кўзда тутилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, шу кунларда Поп туманидаги Сирдарё насос станциясидан Шимолий Фарғона каналигача бўлган икки километр ўзанни тозалаш ва кенгайтириш, 35-40 йилдан бери ишламай ётган Чодак, Чодак-2 ва Анҳор сув кўтариш иншоотларини таъмирлаб, қайта ишга тушириш учун катта ҳажмли ишлар бошлаб юборилди. Бу мақсадда маҳаллий бюджетдан дастлабки 2 миллиард сўм ажратиб, амалий ишларга йўналтирилди, яна 25 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Ушбу насос станцияларининг ишга туширилиши билан Поп туманида босқичма-босқич 5 минг гектар ўзлаштирилмаган ерларга сув етиб боради. Натижада янги экинзорлар ҳамда интенсив боғлар ташкил этилиб, аҳоли бандлиги таъминланади, дастурхонимизда тўкинлик ортади.
