Эл ардоғидаги санъаткорлар болаларга меҳр улашди
Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи ва Чирчиқ шаҳридаги 14- Меҳрибонлик уйида “Болаларга меҳр улашайлик” деб номланган тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи ва Чирчиқ шаҳридаги 14- Меҳрибонлик уйида “Болаларга меҳр улашайлик” деб номланган тадбир ўтказилди.
Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйида 176 нафар тарбияланувчи таҳсил олади. Ўқув маскани аслида 140 ўринга мўлжалланган, аммо ўқувчилар кўп. Шунинг учун бу ерда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ошхона, спорт мажмуалари ва ювиниш хоналари қайтадан таъмирланиб кенгайтирилмоқда, эски ётоқхоналар замонавий, шинам ва ёруғ хоналарга айланаётир.
– Бугунги тадбир менга жуда ёқди, – деди 15-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Мўтабар Собирова. –Таниқли актёрлар билан суҳбатда бўлдик. Улар бизга кўнгилни чўктирмасликни, қийинчиликларни тиришқоқлик билан босиб ўтиш кераклигини уқтирди. Изланишимиз, тинимсиз китоб ўқишимиз кераклигини айтди. Ўзим аниқ фанларга жуда қизиқаман. Олий ўқув юртига кириш учун физика ва математика фанларидан мустақил тайёрланяпман. Келажакда ўқитувчи бўлмоқчиман. Ўқув маркази очишни, унда қийинчиликда ўсаётган болаларга текин дарс ўтишни орзу қиламан.
Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйи болаларининг бугун қувончи чексиз. Тадбир дастури уларга манзур бўлди. Санъаткорлар куй-қўшиқларига жўр бўлиб куйлашди, мароқ билан рақс тушишди. Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари шеърлар ўқиди, ҳаётий ривоятлар айтиб берди. Ўзбек давлат цирки ижодкорлари томонидан тайёрланган ранг-баранг чиқишлар даврага ўзгача файз улашди.
Тадбир сўнггида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди, қизиқарли суҳбатлар, болалар учун тайёрланган махсус дастур байрамона тузатилган дастурхон атрофида давом этди.