Экспортга очилган йўл
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспортёрлар фаолиятини рағбатлантириш ва ташқи савдо жараёнларини соддалаштиришга қаратилган Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори амалда ўз самарасини бераётир. Айниқса, ишлаб чиқарувчилар билан давлат идоралари ўртасидаги очиқ мулоқот ва манзилли ёндашув иқтисодий фаолликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқовнинг навбатдаги сайёр учрашуви ана шундай амалий мулоқотлардан бири сифатида “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилди.

Замонавий технологиялар асосида фаолият юритаётган мазкур корхона бугун нафақат вилоят, балки мамлакат озиқ-овқат саноатида ўз ўрни ва нуфузига эга йирик ишлаб чиқариш масканларидан бирига айланган. Йиллик 7 минг тонна қувватга эга корхонада қарийб 350 нафар маҳаллий аҳолининг доимий иш билан таъминлангани эса ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, бу ерда тайёрланаётган ширинликлар фақат ички бозорда эмас, ташқи мамлакатларда ҳам харидоргир. Корхона маҳсулотлари Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда Европа бозорларига ҳам кириб боряпти. Жорий йилнинг ўтган даврида қиймати қарийб 2 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғиз Республикалари, Афғонистон, Канада ва бошқа давлатларга экспорт қилингани бунинг ёрқин исботидир.

Учрашув чоғида ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт юкларини расмийлаштириш, хомашё импорт қилишдаги амалий механизмлар атрофлича кўриб чиқилди. Корхона раҳбариятига ташқи иқтисодий фаолиятда божхона тартиб-таомилларини янада енгил ва самарали ташкил этиш юзасидан зарур тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, божхона хизматларини рақамлаштириш ва “яшил йўлак” тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган қарорлари тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиляпти.

Мулоқот давомида божхона органлари экспортёр корхоналарга амалий кўмак бериш, ташқи бозорларга чиқишда юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва тадбиркорлар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга доимо тайёр экани алоҳида қайд этилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири