Экспортбоп перилла етиштириш йўлга қўйилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга қаратилган навбатдаги инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Туманнинг Муқимий маҳалласи ҳудудидаги тажриба майдонида буғдойдан бўшаган 5 гектар ерга Жанубий Кореядан келтирилган перилла ўсимлиги илк бор тажриба-синов тариқасида экилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида амалга оширилмоқда. Уни молиялаштириш учун қарийб 890 миллион сўм грант маблағи ажратилган. Мазкур маблағ юқори сифатли уруғлик материаллари харид қилиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, илмий кузатувлар олиб бориш ҳамда келгусида маҳсулотни қайта ишлаш йўналишларини ривожлантиришга йўналтирилган.
Перилла мамлакатимиз учун ҳали кенг тарқалмаган бўлса-да, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган истиқболли экинлардан бири ҳисобланади. Унинг барги, уруғи ва мойи озиқ-овқат, фармацевтика ҳамда косметика саноатида қимматбаҳо хомашё сифатида кенг қўлланилади. Айниқса, перилла уруғидан олинадиган мой таркибида Омега-3 ёғ кислоталари, табиий антиоксидантлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг юқори миқдорда мавжудлиги маҳсулотнинг халқаро бозордаги қийматини янада оширади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, перилла нафақат экспортбоп маҳсулот, балки инсон саломатлиги учун ҳам фойдали ўсимликдир. Унинг баргларидан салатлар, миллий ва Европа таомлари тайёрлашда, шунингдек, функционал озиқ-овқат ҳамда доривор маҳсулотлар ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади. Хушбўй ҳиди ва ўзига хос таъми билан райҳон ҳамда лимон ўтини эслатувчи ушбу ўсимлик қатор ривожланган мамлакатларда кундалик истеъмол маҳсулоти сифатида қадрланади.

— Ушбу экинни етиштириш жараёнида жанубий кореялик ҳамкорларимиз ва соҳа олимлари бевосита иштирок этишмоқда. Бу бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Агар тажриба кутилган натижани берса, келгуси йилдан бошлаб периллани туманда иккинчи экин сифатида кенг майдонларда экишни режалаштирганмиз. Баргини қуритиб экспорт қилиш, уруғидан эса юқори қийматли мой ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Бугун халқаро бозорда қуритилган перилла баргининг бир килограмми ўртача 70 АҚШ долларигача баҳоланмоқда. Бу фермерлар учун ҳам, туман иқтисодиёти учун ҳам янги даромад манбаи ва юқори қўшимча қиймат демакдир, — дейди Боёвут тумани ҳокимининг инновациялар бўйича ўринбосари Муроджон Тўрақулов.

Унинг таъкидлашича, перилланинг маҳаллий иқлим шароитига мослашувини баҳолаш мақсадида дастлабки кузатувлар аввалроқ ҳам ўтказилган. Хусусан, икки ой муқаддам томорқа ҳовлисига экилган атиги 50 грамм уруғдан униб чиққан ўсимликлар бугун яхши ривожланиб, айрим тупларининг бўйи икки метрга етган. Энг муҳими, ўсимлик маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига муваффақиятли мослашгани ва баргларининг хушбўйлиги сақлангани тажрибанинг ижобий кечаётганини кўрсатмоқда.
Перилланинг яна бир афзаллиги шундаки, у қисқа вегетация даврига эга. Шу боис уни буғдойдан кейин иккинчи экин сифатида етиштириш мумкин. Бу эса ердан самарали фойдаланиш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар турини кенгайтириш имконини беради. Келгусида периллани саноат асосида қайта ишлаш, уруғидан мой ишлаб чиқариш ва қуритилган баргларини ташқи бозорларга экспорт қилиш бўйича тўлиқ қиймат занжирини шакллантириш режалаштирилган.

— Бугун табиий ўсимлик мойлари ва доривор хомашёга бўлган жаҳон талаби муттасил ошиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан перилла етиштириш Сирдарё вилояти учун янги экспорт йўналишини шакллантириши мумкин. Боёвутда бошланган мазкур лойиҳа инновация, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг амалий намунаси бўлиб, нафақат туман, балки республика қишлоқ хўжалиги учун ҳам муҳим тажриба вазифасини ўтайди, — дейди Муроджон Тўрақулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири