Экспорт учун тўқимачилик маҳсулотларига божхона божи ставкалари пасайтирилди
Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди. Унда қайд этилишича, маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида экспорт қилинадиган тўқимачилик маҳсулотлари учун божхона божи ставкалари пасайтирилган.
Ҳукуматнинг тегишли топшириғига мувофиқ, янги ставкалар 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 январга қадар амал қилади.
Жумладан, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг (ТИФ ТН) 6006 21 000 0 позициясида таснифланувчи оқ рангга бўялган матолар экспорт божхона режимида расмийлаштирилганда божхона божи 0 фоиз миқдорида қўлланилади.
Шунингдек, ТИФ ТНнинг 5202 позициясида таснифланувчи пахта толаси чиқиндиларини экспорт қилишда божхона божи ставкаси 5 фоиз этиб белгиланди.
Экспортда пасайтирилган божхона божи ставкасини қўллаш учун маҳсулотни божхонада расмийлаштириш жараёнида унинг ТИФ ТН бўйича 6006 21 000 0 кодида таснифланишига доир Енгил саноат агентлигининг тегишли хулосаси тақдим этилиши талаб этилади.
Мазкур чора-тадбирлар маҳаллий енгил саноат корхоналарининг экспорт имкониятларини кенгайтириш, ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ҳамда халқаро етказиб бериш занжирларидаги иштирокини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА