Экспертиза тайинлашда муаммо қаерда?
Одил судловни амалга оширишда экспертиза хулосаларининг ўрни муҳим. Айниқса, қурилиш-техникавий ва ерга оид низоларни қонуний, холис ва асосли ҳал этишда суд экспертизаларини тўғри тайинлаш ҳамда ўз вақтида ўтказиш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Хоразм вилояти судида фуқаролик ишлари бўйича судьялар ҳамда Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази вилоят бўлими ходимлари иштирокида “Суд-қурилиш-техникавий ва суд-ер экспертизаларини тайинлаш ва ўтказишнинг қисқа тартиби” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

Семинар давомида судьялар ва экспертлар ўртасида амалиётда юзага келаётган тушунмовчиликлар, уларнинг сабаблари ҳамда бу ҳолатларнинг ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва сифатига таъсири юзасидан фикр алмашилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Якунда суд ва экспертиза муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, экспертизаларни тайинлаш ва ўтказиш жараёнидаги ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ҳамда суд ишларини сифатли ва самарали кўриб чиқишга хизмат қиладиган амалий чораларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири