Экологик тарбиянинг ҳаётий ва таъсирчан намунаси
Жиззахда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан раҳбарлар ва давлат хизматчилари ўзлари таълим олган мактабларига бориб, камида ўн тупдан манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экишга киришди. Бу саъй-ҳаракат — бир вақтлар илм ва тарбия олган масканга амалий эҳтиром ва садоқат ифодасидир.
Эътиборлиси, ташаббусда рамзийлик ва амалийлик уйғун. Мактаб ҳовлиларида яшил ҳудудлар кенгайиб борар экан, айни пайтда раҳбар ва ўқувчи, кечаги битирувчи ва бугунги шогирд ўртасидаги маънавий боғлиқлик мустаҳкамланмоқда. Бу эса таълим даргоҳларининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади.

Кўчат экиш жараёнида иштирок этаётган ёшлар табиат ҳақидаги билимларини китоб орқали бойитар экан, унинг қадрини амалий меҳнат орқали янада чуқур ҳис этмоқда. Улар учун ҳар бир экилган ниҳол — парвариш, сабр ва масъулият талаб қиладиган тирик қадриятга айланмоқда. Шу маънода, бу ташаббус экологик тарбиянинг ҳаётий ва таъсирчан намунасидир.

Мазкур эзгу амал мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларга ҳамоҳанг тарзда ривожланмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жиззахдаги ушбу ташаббус давлат сиёсати ижросининг жойлардаги амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. У жамиятда “Менинг дарахтим”, “Менинг боғим” деган дахлдорлик туйғусини кучайтириб, табиатга муносабат маданиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Қувонарлиси, бу ҳаракатга ота-оналарнинг ҳам фаол қўшилаётгани унинг таъсир доирасини янада кенгайтирмоқда. Бу эса яшилликни асраш ва кўпайтириш ғояси тобора ҳаётий эҳтиёжга айланаётганидан далолат беради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири