Экологик сиёсат ва молиялаштириш бўйича глобал устувор йўналишлар Самарқандда белгиланади
Шу йилнинг 30 май – 6 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида экология соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирлардан бири – Глобал экологик фонднинг (GEF)нинг VIII Ассамблеяси бўлиб ўтади.
Ассамблея фонднинг энг юқори бошқарув органи бўлиб, унда ҳар тўрт йилда экологик сиёсат ва молиялаштириш бўйича глобал устувор йўналишлар белгиланади.
Форумда 186 давлат вакиллари – вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти, шунингдек, ёшлар ва маҳаллий халқлар иштирок этиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, GEFнинг VIII Ассамблеяси глобал экологик мақсадларга эришиш бўйича тезлаштирилган йўл харитасини белгилайди. Ассамблея марказида глобал экологик мақсадларга эришишни жадаллаштириш бўйича ечимлар ишлаб чиқиш масаласи туради. Бой дастур доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш каби масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, 2026-2030 йилларга мўлжалланган GEFнинг янги молиявий дастурига (GEF-9) алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур дастур табиат, иқлим ва ифлосланишга қарши кураш масалаларини бирлаштирувчи комплекс ёндашувга асосланади.
Ассамблея дастури турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олади, юқори даражадаги пленар йиғилишлар ўтказилиб, уларда асосий қарорлар қабул қилинади. Вазирлар даражасидаги ва мавзули давра суҳбатлари, фуқаролик жамияти форумлари, параллел тадбирлар ҳамда лойиҳалар тақдимотлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, GEF Кенгаши йиғилишлари ўтказилиб, лойиҳалар ва молиявий ташаббуслар кўриб чиқилади. GEF фаолиятининг стратегик йўналишлари тасдиқланади, молиявий ресурсларни тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилинади, экологик лойиҳалар тақдим этилади, янги халқаро ҳамкорликлар шаклланади.
Ассамблея натижасида “Яшил” лойиҳаларга грантлар ва инвестициялар жалб қилинади, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик кенгайтирилади, иқлим ўзгаришига мослашиш лойиҳалари рағбатлантирилади. Қолаверса, Оролбўйи экотизимларини тиклаш дастурлари илгари сурилади, биохилма-хилликни асраш лойиҳалари қўллаб-қувватланади ҳамда қайта тикланувчи энергия ва барқарор қишлоқ хўжалиги ривожлантирилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири