Экологик масалалар доимий эътиборда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди. Унда журналистларга фракциянинг 2022 йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисида ахборот берилди.
Фракция томонидан ўтган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ҳамда қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳолати юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Бундан ташқари, 3 та яхлит, 2 та қонунчиликка ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди.
Парламент назорати тадбирлари доирасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш, республикамизда кўкаламзорлаштириш ишларини самарали амалга ошириш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган устувор вазифаларни бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш юзасидан ўрганишлар ва эшитувлар ўтказилди. Жумладан, 20 маротаба тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 та қарори ижроси ўрганилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 13 та депутатлик сўрови юборилди.
Шунингдек, фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар, хусусан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ошириш, шу жумладан экотуризмни ривожлантириш борасида режалаштирилаётган ишлар бўйича тушунтириш бериш ва нуқтаи назарини баён этиш талаби билан 1 та парламент сўрови юборилди.
Ҳисобот даврида фракция аъзолари томонидан 296 маротаба фуқаролар билан тўғридан-тўғри учрашув ўтказилиб, уларда 10 минг 887 нафар аҳоли қамраб олинди ва уларнинг мурожаатларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилди.
М.Комилова, ЎзА