Экологик экспертизада Корея тажрибаси жорий этилиши мумкин
Корея Республикаси Атроф-муҳит институти (Korea Environment Institute — KEI) делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Давлат экологик экспертизаси марказида стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) тизимини ривожлантириш ҳамда Корея Республикаси билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Марказ вакиллари Ўзбекистонда стратегик экологик баҳолашни ўтказишнинг амалдаги тартиби, жумладан, унинг асосий босқичлари, норматив-ҳуқуқий асослари ва амалиётга жорий этиш механизмлари ҳақида маълумот берди.
Томонлар СЭБ методологиясини такомиллаштириш, стратегик ҳужжатларни экологик баҳолашда замонавий воситаларни жорий этиш, шунингдек, Корея Республикасининг илғор тажрибасини миллий шароит ва қонунчилик талабларига мослаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгиланиб, босқичма-босқич ҳамкорлик бўйича йўл харитасини шакллантириш юзасидан келишувга эришилди. Хусусан, KEI экспертларини Марказ фаолиятини методологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ёрдами кўрсатиш ҳамда Ўзбекистонда СЭБни жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ташкил этиш жараёнларига жалб қилиш назарда тутилган.
Ташриф доирасида делегация Green University'га ҳам ташриф буюрди. У ерда қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, амалий ишланмалар билан алмашиш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий экологик экспертиза тизимини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда илмий-таълим салоҳиятини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА