Экологик барқарорлик – миллий тараққиёт асоси
Глобал дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
2030 йилгача Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сув ресурсларини асраш ва санитария соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар бошлаб юборилган. Саноат корхоналарида маҳаллий оқова сувларни тозалаш иншоотлари модернизация қилинмоқда, автомобилларни ювиш шохобчаларида сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. Трансчегаравий сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш борасида минтақавий ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва шаҳарларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳаво, сув ҳамда тупроқ сифати устидан мониторинг тизимлари кенгайтирилмоқда. “Тоза ҳаво” лойиҳаси доирасида саноат корхоналаридаги чанг ва газ тозалаш ускуналари янгиланмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса миллионлаб кўчатлар экилиб, мамлакатнинг яшиллик даражаси 15 фоизга етказилди.
Барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш тамойилларини кенг жорий этишда чиқиндиларни бошқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Чиқиндиларни рақамли бошқариш тизимлари жорий этилмоқда, маҳсулотларни экологик тамғалаш амалиёти кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия олишга қаратилган замонавий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлашда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳам муҳим омилдир. Шу мақсадда “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, аҳолида табиатга масъулиятли муносабат ва барқарор турмуш тарзини шакллантиришга эътибор кучайтирилмоқда. “Green University” ва яшил техникумлар базасида экологик йўналишлар учун малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги мажбуриятлар ҳам босқичма-босқич кучайтирилмоқда. Париж келишуви доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Шунингдек, 2035 йилгача ушбу кўрсаткични 50 фоизга қисқартириш мақсади белгиланган.
Биохилма-хилликни асраш ва ўрмон майдонларини кенгайтириш ҳам экологик сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири. Бугун мамлакатда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони умумий ҳудуднинг 14,2 фоизига етказилди. Миллий табиий мерос объектлари рўйхати шакллантирилди. Чўл ва тоғолди ҳудудларида эса минглаб гектар майдонларда яшил қопламалар ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни асраш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш билан бир қаторда, келажак авлодлар учун соғлом ва қулай атроф-муҳит яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, экологик барқарорлик энди фақат табиатни муҳофаза қилиш масаласи эмас, балки иқтисодий тараққиёт, аҳоли саломатлиги ва мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси билан чамбарчас боғлиқ вазифага айланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА