Экологик аудит нега керак?
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш энг устувор стратегик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Сув танқислиги, ҳаво ифлосланиши, чиқиндилар ҳажмининг ортиши каби глобал муаммолар иқтисодий фаолиятнинг табиатга таъсирини мунтазам ва холис баҳолаб боришни тақозо этмоқда. Ана шундай шароитда экологик аудит муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Бу борада юртимизда “Экологик аудит тўғрисида”ги қонун билан белгиланган экологик аудит тизими атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш ва бошқа жараёнларнинг экология соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларга мувофиқлигини мустақил баҳолаш, уларда “яшил” технологияларни жорий этиш ҳамда экологик менежмент тизимларини яхшилаш учун муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. 2021 йилда қабул қилинган ушбу қонун экологик аудитни ўтказиш, экологик аудиторлар ва аудиторлик ташкилотларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Экологик аудитнинг ўзи нима? Содда қилиб айтганда, экологик аудит — корхона ўз фаолиятида экологик талабларга қанчалик риоя қилаётганини мустақил мутахассислар орқали текшириш ва баҳолаш. Масалан, корхона ва завод фаолиятининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид талабларга мувофиқлиги тизимли ўрганилиб, баҳоланади. Бунда атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар, оқова сувлар ва уларнинг тозаланиши, ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ва утилизация қилиш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш, экологик рухсатномалар ва бошқа ҳужжатлар, корхонанинг экологик қонунчилик талабларига риоя қилиши кабиларга эътибор қаратилади.
Бундай ўрганиш корхона экологик қонунчиликка мувофиқ ишлаяптими, қаерда экологик хавф ёки камчилик бор, деган саволга тизимли жавоб топишда муҳим ўрин тутади. Демак, экологик аудитдан асосий мақсад корхонадаги экологик ҳолатни аниқлаш ва мавжуд муаммоларни олдиндан кўриш, уларни бартараф этиш чораларини кўришдан иборат.
Масалан, аудит натижасида бирор корхонада чиқиндиларни ҳисобга олиш тўғри юритилмаган ёки оқова сувларни тозалаш тизимида камчиликлар борлиги ёхуд атмосферага чиқарилмалар бўйича талаблар бажарилмаган бўлса, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқилади. Бу эса ишлаб чиқариш объектларида атроф-муҳит ва экологияга зарар етказаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишда муҳим омил ҳисобланади.
Экологик аудитни оддий корхона ходими эмас, экологик аудиторлик ташкилоти ўтказади. Аудит буюртмачи билан экологик аудиторлик ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Амалдаги тартибга кўра, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хавфи юқори ва ўртача бўлган экологик аудит субъектлари учун экологик аудит ҳар йили мажбурий тартибда ўтказилади. Атроф-муҳитга таъсири кам ёки унчалик кўп бўлмаган, локал таъсирга эга субъектларда эса аудит ихтиёрий тартибда ўтказилади.
Экологик аудит экологик назорат шаклларидан бири сифатида атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш, бу борадаги муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА