Экофракция ҳайвонларга шафқатсизликлар учун жазони кучайтирмоқчи
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатлар учун жазони кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатлари томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси ахборот хизмати маълум қилди.
Сир эмаски, жамиятимизда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатлар, турли нохуш ҳолатлар учраб турибди. Энг ачинaрлиси, ушбу ҳаракатлар мутлақо асоссиз, шунчаки кўнгилхушлик учун содир этилмоқда.
Жорий йил 25 март куни ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга оид қонун қабул қилинди. Эндиликда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган бўлса-да, бироқ бу чоралар ҳам етарли эмаслиги ҳамда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тартибга солиш масаласи тизимли ва комплекс ҳуқуқий ёндашувни талаб этмоқда.
Шу боис, Экофракцияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилаётган “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўплаб хорижий мамлакатларнинг шу йўналишдаги ижобий тажрибаси асосида тайёрланмоқда. Унда фақат жазо масаласи эмас, балки муаммонинг илдизига таъсир қилувчи чоралар назарда тутилади. Жумладан:
– ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳисобланадиган хатти-ҳаракатларни қонун билан аниқ белгилаш ва ушбу ҳаракатларни қатъий тақиқлаш;
– ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш, бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача жарима қўллаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (амалдаги 50 баробаргача ва 6 ой озодликдан маҳрум қилиш);
– айбдор шахсларга жавобгарлик қўлланилиши билан бирга ҳайвонларга етказилган жароҳатлар учун айбдор ҳайвоннинг соғлиғини тиклаш билан боғлиқ ветеринария харажатларини тўлиқ қоплаши шартлигини белгилаш (ҳатто бу харажатлар ҳайвоннинг бозор қийматидан анча юқори бўлган ҳолатларда ҳам);

– ҳайвонлар билан жамоат жойларида бўлиш учун қулай муҳитларни ташкил этиш, жумладан кўзи ожизларга ҳамроҳлик қилувчи итлар (ит-йўлбошловчилар) ва эмоционал кўмакчи ҳайвонларни жамоат транспортида олиб юришда имтиёз беришни қонуний мустаҳкамлаш;
– ҳайвонлар эгаларининг уларни ҳимоя қилиш, ветеринария хизматларини кўрсатишни ташкил этиш, қаровсиз қолдирмаслик каби мажбуриятларини белгилаш, ҳайвонларни ташлаб кетиш ҳолатларига барҳам бериш;

– таълим муассасаларида ва оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларга ғамхўрлик ва уларга меҳрли муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришга оид тушунтириш ва хабардорликни ошириш ишларини олиб бориш ҳамда шафқатсиз муносабатни ва унинг тарғиботини тақиқлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.
Экопартия мазкур лойиҳани такомиллаштиришга хизмат қиладиган барча таклифларни қабул қилиш бўйича кенг жамоатчиликка очиқлигини маълум қилган. Бунда барча манфаатдор шахслар info@ecouz.uz электрон манзили орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Келгусида мазкур қонуннинг қабул қилиниши нафақат ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилишга, балки жамиятда инсонпарварлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА