Эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилмоқда
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Жойларда камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам вилоят раҳбарларининг доимий диққат марказида. Масалан, Тошкент вилояти ва туман-шаҳар даражасидаги раҳбар-ходимларга жами 7 минг 590 та камбағал оила бириктирилган. Улар белгиланган тартибда мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Шундай эзгу ташаббуслардан бири Бўка тумани Эзгуликка маҳалласида яшовчи Алима Алматованинг ҳаётида ҳам ўз ифодасини топди.


Бу оила Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултоновга бириктирилган. Кўрсатилган амалий ёрдамлар туфайли бугун бу хонадонда фаровонлик, хотиржамлик ва барака ҳукм сурмоқда. Оилага қарашли томорқада бу мавсум картошка ҳосили мўл бўлди. Шу билан бирга, янгидан қурилган иссиқхонага эса эрта баҳорда экилган помидор кўчатлари ҳосилга кирди. Оилага бир бош соғин сигир олиб берилиб, ҳозирда унинг сони уч бошга етган.


– Кўрсатилган барча ёрдамлар учун чексиз раҳмат айтаман. Набираларим боғчага жойлаштирилди, ногиронлик гуруҳи олиш бўйича ёрдам берилди, ўғлим ва ўзимнинг даволанишида ҳам бефарқ қарашмади. Ҳар томонлама кўмак берилди. Бу ташаббуслар оиламизда умид уйғотди, яшашга ишонч бағишлади, – дейди Алима Алматова.

Таъкидлаш лозим, “Камбағалликдан фаровонлик сари” ташаббуси чинакамига халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, эҳтиёжманд фуқароларни жамият ҳаётига фаол жалб қилишда катта ўрин тутмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.