Эҳтиёжманд фуқаролар тиббий кўрикдан ўтди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг “Саломатлик сари” лойиҳаси доирасида Шаҳрихон туманида эҳтиёжманд аҳоли вакиллари учун бепул тиббий кўрик тадбири ташкил этилди.
O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими, партиянинг Шаҳрихон туман кенгаши томонидан “Шифокор” хусусий клиникасида ўтказилган тиббий кўрикка тумандаги Терак таги, Янги ваҳм, Карнайчи, Шаҳрихон, Номозгоҳ, Муллабой, Бувайдо сингари ўндан ортиқ маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, ногиронлиги бор ҳамда кекса фуқаролар жалб этилди.
[gallery-21910]
Ўтказилган тиббий кўрик давомида иштирокчилар лор, педиатр, офтальмолог, онколог, эндокринолог, кардиолог, гинеколог, терапевт, уролог, невропатолог каби ўндан ортиқ йўналишдаги мутахассис-шифокорлар томонидан ҳамда УЗИ текширувларидан ўтказилди. Текширувда турли хасталиклари борлиги аниқланган аёллар тегишли муолажалардан ўтказилди, даволанишлари учун зарур тавсия ва маслаҳатлар, бир гуруҳ аёлларга эса бепул даволаниши учун йўлланмалар берилди.
– Мени кейинги пайтларда юрагим тез-тез безовта қилмоқда, – дейди Карнайчи маҳалласида яшовчи, уй бекаси Мерожхон Йўлдошева. – Қолаверса, танамда шишлар пайдо бўлиб, саломатлигимга, ҳаёт тарзимга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун партия томонидан ташкил этилган тиббий кўрикка келиб, кардиолог, уролог шифокорлар кўригидан ўтдим. Мени қийнаётган хасталиклар бўйича тегишли тавсия ва маслаҳатлар олдим. Ушбу тиббий кўрик ташкилотчиларига катта раҳмат.
Шунингдек, жараёнда аёллар ўртасида кўп учрайдиган хавфли касалликлар, хусусан, онкологик хасталиклар келиб чиқиши сабаблари, уларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, фуқароларнинг тиббий билим ва саводхонлигини юксалтириш бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Партиянинг “Саломатлик сари” лойиҳаси доирасидаги бу каби тадбирлар вилоятда режа асосида давом эттирилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари