ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси билан учрашув
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси Раиси Пере Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Хабарда қайд этилганидек, учрашувда Ўзбекистон ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда меҳнат миграциясини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Қонунчилик палатаси Спикери меҳмонларга мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро парламентлараро тузилмалар, жумладан, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ва Парламентлараро иттифоқ доирасидаги фаол иштироки изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
Ўз навбатида, Пере Жоан Понс Сампьетро сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамда транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар Ўзбекистон Олий Мажлиси ва ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.
М.Комилова,
ЎзА