ЕХҲТ миссияси раҳбари Бухорода
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Урсула Юзефа Гачек хоним 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси Мирзоҳид Даминов билан учрашди.
Мулоқотда қайд этилишича, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг расмий таклифига биноан мамлакатимизда муддатидан илгари Президент сайловларини кузатиш бўйича миссиясини очди. Миссия сайловларни ЕХҲТ мажбуриятлари ва демократик сайловлар учун бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартларга, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди.

Кузатувчилар сайлов кунидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам сайловнинг барча жиҳатларини диққат билан кузатиб боради. Муайян йўналишлар меъёрий-ҳуқуқий базани амалга ошириш, кампанияни ўтказиш, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, сайлов низоларини ҳал қилиш ва оммавий ахборот воситаларида ёритишни ўз ичига олади. Кузатувчилар, шунингдек, ДИИҲБнинг сайлов бўйича олдинги тавсияларининг бажарилишини ҳам баҳолайди.

Миссия ҳуқуқий таҳлилчиси Анна Меликян, шунингдек, узоқ муддатли кузатувчилар Александр Бердритский, Сумит Чанда ҳам иштирок этган мазкур қабул жараёнида меҳмонлар Ўзбекистон сайлов қонунчилиги асослари, хусусан сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларини ташкил этиш, улар фаолиятини юритиш тартиблари, айни пайтда кечаётган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шундан сўнг, кузатувчилар округ сайлов комиссияси раиси Мирзоҳид Даминов билан мулоқотда бўлди. Мулоқотда мазкур миссиянинг мақсад ва вазифалари, сайлов жараёнида кузатувчиларга яратилаётган имкониятлар хусусида сўз борди.

Мулоқот жараёнида округ сайлов комиссияси раиси халқаро кузатувчиларни қизиқтирган бошқа саволларига ҳам батафсил жавоб берди.
Зариф Комилов,
ЎзА