Егор Болотов Параосиё ўйинларида делегацимизга учинчи олтин медални келтирди
Япония мезбонлик қилаётган V Параосиё ўйинларида пара спортчиларимиз делегациямизга медаллар шодасини тақдим этишда давом этмоқда.
Гап шундаки, Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган Параосиё ўйинларининг парасузиш дастурларининг эркаклар ўртасидаги S13 тоифасида 100 метрга эркин усулда сузиш финалида Егор Болотов 52,90 сония натижа қайд этиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медалга сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида S12 тоифасида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Дмитрий Хорлин кумуш медаль билан тақдирланди. Аёллар ўртасидаги S13 тоифасида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Мубинабону Халилова кумуш, Муслима Одилова эса бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, пара енгил атлетика баҳсларида иштирок этган Омадбек Ҳасанов енгил атлетиканинг Т47 таснифидаги узунликка сакраш финалида 6,99 метр натижа қайд этиб, мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Айни дамда Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 3 та олтин, 7 та кумуш ва 6 та бронза , жами 16 та медалга етган ҳолда умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА