Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди
Андижонда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига бугунги кунга қадар 3 минг 391 та мурожаат келиб тушган.
Андижонда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига бугунги кунга қадар 3 минг 391 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар асосида Марказ томонидан 1 минг 800 дан ортиқ оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилди.
- Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан айни кунга қадар 1 минг 831 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб берилди, — дейди марказда фаолият юритаётган волонтёр Мансурбек Матисаев. – Хайрия ёрдамларининг марказлашган ҳолда карантин тартибларига тўла амал қилган ҳолда тарқатилаётганлиги албатта, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Марказга мурожаат қилганлар орасида вилоятнинг деярли барча туман ва шаҳарларидан фуқаролар бор. Мурожаат қилган эҳтиёжманд оилаларга ун, ўсимлик ёғи, картошка, пиёз, сабзи ҳамда совундан иборат маҳсулотлар, шунингдек, зарур дори-дармонлар тарқатилмоқда.
Вилоятдаги кўплаб корхона, ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар томонидан Марказга тақдим этилаётган хайрия маҳсулотларини етказиб бериш ишлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган мутахассислар томонидан инфекция юқишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қўлланган ҳолда амалга оширилмоқда.
- Турмуш ўртоғим хорижга ишлагани кетган, соғлигим яхши эмаслиги учун мунтазам даволаниб тураман, — дейди Олтинкўл туманидаги Бўстон маҳалласида яшовчи уй бекаси Марғубахон Раҳимова. — Карантин туфайли ёш фарзандим билан анча қийналиб қолдим. – Шу сабаб қисқа рақамли телефон орқали Марказга мурожаат қилиб, озиқ-овқатдан ёрдам сўраган эдим. Марказда фаолият юритаётганларга, маҳалла мутасаддиларига раҳмат, мурожаатимдан сўнг уйимизга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб беришди. Қийин бир шароитда биз каби эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилаётганлигидан жуда-жуда хурсандман. Меҳр-оқибатли халқимиз бу оғир кунлардан албатта, эсон-омон ўтади.
Вилоятда ҳомийлик ёрдамларини тарқатиш ишлари белгиланган тартиблар доирасида давом этмоқда.