Дзюдочиларимизнинг ғалабали одимлари давом этмоқда
Пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройидаги дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Учқун Муродов хотирасига бағишланган Осиё кубогининг навбатдаги куни спортчиларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Мусобақанинг иккинчи куни ўсмирлар ва қизлар ўртасида жами 8 та вазн тоифасида ғолиб ҳамда совриндорлар номи маълум бўлди. Унда қизлар оғир вазн тоифаларида баҳсларга киришди. Учала вазнда олтин медаль Маржона Нуриллоева, Барчиной Қодирова ҳамда Моҳларойим Тўхтамишева каби дзюдочиларимизга насиб қилди. Бу эса қизлар терма жамоамизнинг якунда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашига муҳим омил бўлди. Икки кунлик баҳсларга кўра, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 18 та бронза, жами 37 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Кубок баҳсларининг ўғил болалар ўртасидаги беллашувда вазни 90 килограммгача бўлган полвонимиз Алишер Саманов олтин медални қўлга киритди. Бу эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси икки кунлик якунга кўра, 4 тадан олтин ва кумуш, 8 та бронза медалини жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашига туртки бўлди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА