Дзюдочиларимиз Душанбега боришади
Жорий йилнинг 2-5 октябрь кунлари Тожикистон пойтахтида дзюдо бўйича Тожикистон Президенти кубоги учун 8-халқаро турнир бўлиб ўтади
Мазкур халқаро турнирда куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президент фармонига биноан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" унвони билан тақдирланган Камол Муродов бошчилигидаги 9 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади, дейилади Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарида.
Мусобақа низомига кўра, баҳслар 66, 81, 90 ва +100 кг вазн тоифаларида ўтказилади.
Душанбе татамиларида ўз вазн тоифаларида Муҳриддин Тиловов, Дилшодбек Йўлдошев, Суҳроб Турсунов, Арслон Тожиев, Ғиёсжон Бобоев Шермуҳаммад Жандреев, Достон Мейлиев, Бекмурод Олтибоев, Шоҳруҳхон Бахтиёров ғолиблик учун кураш олиб боради.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган нуфузли мусобақада 10 тадан зиёд давлатнинг 250 нафарга яқин дзюдочиси қатнашиши кутилмоқда. Бундан икки йил муқаддам мазкур анъанавий халқаро мусобақа Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ташкил этилганди.
2019 йили бўлиб ўтган 7-халқаро турнир 7 та вазн тоифасида ўтказилиб, 4 та вазнда Ўзбекистон дзюдочилари 1-ўринни эгаллаганди.
Т. Рўзиев, ЎзА