Дзюдочи ёшларимиз Европада ёрқин ғалабага эришди
Черногориянинг Подгорица шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Европа кубоги мусобақаларида мамлакатимиз вакиллари муваффақиятга эришди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган "Junior European Cup 2026" турнирида спортчиларимиз юксак маҳорат ва татамида мутлақ устунликни намойиш этишга муваффақ бўлди.
Муросасиз беллашувлар давомида ўйналган 56 та медалнинг 21 тасини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси рекорд натижани қайд этди. Мутахассислар эътирофига кўра, бу умумий совринлар жамғармасининг 37,5 фоизини ташкил этди.
Америка, Европа ва Осиё қитъасининг 24 давлатидан 220 нафардан ортиқ маҳоратли дзюдочилар иштирок беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 5 та олтин, 5 та кумуш, 11 та бронза медалларини жамғарган ҳолда умум жамоада етакчиликни қўлга киритди.
Маҳоратли дзюдочи ёшларимиздан Асадбек Мисиров, Иноят Телманов, Фазлиддин Рафиқов, Зарина Жамолова, Наргиза Дўстмаматова ўз вазнларида олтин медалларга эгалик қилган бўлса, Муҳриддин Маруфов, Беҳрузбек Рустамбоев, Райҳона Маматова, Шоира Аминова, Зарина Бобоназарова кумуш, Арапбай Даурбоев, Дилшод Каримов, Амирхон Низомиддинов, Иззатбек Рўзиматов, Жавлон Қўлдошбоев, Санжар Ашуров, Камрон Қодиров, Муҳаммадобид Маҳмарайимов, Нигина Умирзоқова, Нигина Сапарбоева, Дурдона Турсунова бронза медалларига сазовор бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА