Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин
Сурҳондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сотволдиев бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва секторлар раҳбарлари, фаоллар иштирокида воҳада истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонида бўлиб, уларни байрам билан табриклади.
Президентимиз томонидан йўлланган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Бир марталик пул мукофоти, “Мустақиллик монументи” статуэткаси ва байрам совғалари топширилди.

–Бизнинг энг куч-қувватга тўлган давримиз ҳаётнинг жиддий синовлари билан ўтди, – дейди Жарқўрғон туманидаги Лойқанд маҳалласида яшовчи Рўзи бобо Абдуллаев. – Номи ўчгур уруш майдонларини кечиб, душман билан жанг қилдик, кўплаб дўстларимиз, яқинларимиздан айрилдик. Очарчилликка дуч келдик. Эндиликда бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга шукрона айтиб, ҳар тонг дунёда тинчлик бўлишини тилаймиз. Шундай осуда, обод ҳаётни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарига узоқ умр, бошлаган барча эзгу ишлари руёбга чиқишини сўраб, дуо қиламиз.

–Бу йил бир кам юз ёшга тўлдим, – дейди Бойсун тумани Сайроб маҳалласида яшовчи Жумақул бобо Қуллиев. – Сўнгги йилларда биз уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ёшимизга ёш қўшмоқда. Фарзандларимиз, невара, чевара ва эвараларимиз қуршовида бахтиёр яшаяпмиз. Давлат ва жамаот ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва тиббиёт ходимлари тез-тез ҳолимиздан хабар олиб турибди. Байрамлар билан табрикламоқда. Буларнинг барчаси учун Президентимиздан бир умр миннатдормиз. Илоҳим, дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин.

Сурхондарё вилоятида 14 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшамоқда. Шу куни ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби вазифасини ўтаётган мард, жасур отахонлар энг тажрибали ҳарбий шифокорларнинг тиббий кўригидан ўтказилди.
Ҳарбий санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари кекса авлод вакиллари учун байрам туҳфаси сифатида ижро этилди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири