Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Исроил-Ливан музокаралари: ижобий сигналлар бор

АҚШда бўлиб ўтган Исроил ва Ливан ўртасидаги музокаралардан сўнг Исроил элчиси Ехиэль Лейтер учрашувни “ажойиб мулоқот” деб баҳолади. Унинг айтишича, томонлар икки соатдан ортиқ суҳбат давомида айрим масалалар бўйича умумий қарашларга эга эканини англаган. Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио эса бу жараённи тарихий имконият деб атаб, барқарор тинчлик учун асос яратиш мумкинлигини таъкидлади.
Аммо экспертлар фикрича, вазият ҳали ҳам мураккаблигича қолмоқда. Ливан томони ҳозирча расмий муносабат билдирмаган, “Ҳизбуллоҳ” эса музокараларга қарши чиқиб, Исроилга ракета ҳужумларини давом эттирган. Сўнгги ойлардаги тўқнашувлар минглаб қурбонлар ва катта вайронагарчиликка олиб келди. Мутахассислар айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар ноаниқ бўлиб, қисқа муддатда тўлиқ тинчликка эришиш эҳтимоли паст.
Испания фильми Европарламентнинг “LUX” мукофотини қўлга киритди

Европа парламентининг 2026 йилги нуфузли “LUX” мукофоти испаниялик режиссёр Ева Либертаднинг “Sorda” (“Кар”) фильмига насиб этди. Асар кар она Ангеланинг бола тарбияси жараёнида дуч келадиган мураккабликлари орқали жамиятдаги инклюзия, гендер ва мулоқот масалаларини очиб беради.
Картинанинг ўзига хос жиҳати — у реал ҳаётга асосланган ва режиссёрнинг шахсий тажрибаси билан боғлиқ. Бош қаҳрамонни ижро этган актриса Мириам Гарло режиссёрнинг синглиси бўлиб, унинг ҳаёти фильм сюжетида акс этган. Асар нафақат санъат сифатида юқори баҳоланди, балки Испанияда кар аёллар учун тиббий хизматларни яхшилашга туртки бергани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
АҚШ-Эрон музокаралари: блокада фонида янги учрашув кутилмоқда

АҚШ томони Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини жорий этган бир пайтда дипломатлар икки давлат ўртасида музокараларнинг иккинчи босқичини ташкил этишга уринишмоқда. Дональд Трамп яқин икки кун ичида янги учрашув ўтказилиши мумкинлигини билдирган бўлса, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бу эҳтимолни юқори деб баҳолади, бироқ аввалги музокаралар самара бермаган, асосий келишмовчилик эса Эроннинг ядровий дастури атрофида сақланиб қолмоқда.
Айни пайтда АҚШ ҳарбийлари блокада доирасида бир қатор кемаларни тўхтатганини маълум қилди, аммо айрим маълумотларга кўра, баъзи кемалар барибир бўғоздан ўтиб кетган. Зиддият еттинчи ҳафтасига кириб, минглаб қурбонлар ва жиддий иқтисодий оқибатларни келтириб чиқарди. Энергия нархларининг кескин ошиши глобал бозорларга босим ўтказмоқда ва вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шу шароитда музокараларни қайта бошлаш минтақада барқарорликка эришиш учун муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.
Еврозона иқтисодиётига босим: ХВЖ ўсиш прогнозини пасайтирди

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Еврозона иқтисодий ўсиш прогнозини 2026 йил учун 1,4%дан 1,1%гача пасайтирди. Бу қарор Эрон атрофидаги уруш сабаб энергия бозорларида юзага келган беқарорлик ва инфляциянинг ўсиши билан изоҳланмоқда. Ҳурмуз бўғозидаги чекловлар ва нефть-газ таъминотига босим глобал иқтисодий тикланишни секинлаштирган. Шу билан бирга, инфляция кутилмалари 4,4%гача кўтарилиб, иқтисодий муҳит янада мураккаблашган.
Экспертлар фикрича, Европа энергия нархларига юқори даражада боғлиқ бўлгани сабабли энг кўп жабр кўраётган ҳудудлардан бирига айланган. Энергия қийматининг ошиши саноат ишлаб чиқаришига салбий таъсир кўрсатмоқда ва иқтисодий ўсишни чекламоқда. ХВЖ огоҳлантиришича, агар энергия бозоридаги беқарорлик давом этса, глобал иқтисодиёт янада пасайиши ва юқори фоиз ставкалари сақланиб қолиши мумкин.
Қатар: Эрон билан яширин келишувлар йўқ, ечим минтақавий бўлиши керак

Қатар ҳукумати Эрон билан махфий келишувлар борлиги ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этди ва бу айбловлар мамлакат обрўсига путур етказишга қаратилганини билдирди. Мамлакат расмий вакили Мажид ал-Ансорийнинг айтишича, низо бошланганидан бери Доха Теҳрон билан якка тартибда музокаралар ўтказмаган ва барча ҳаракатлар минтақавий ҳамкорлар билан мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, у молиявий келишувлар орқали ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги гапларни ҳам асоссиз деб атади. Қатар ҳар қандай ҳужумни минтақа давлатлари суверенитетига таҳдид сифатида баҳолаб, жавоб ҳам жамоавий бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Доха Ҳурмуз бўғозидан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишга қарши чиқиб, денгиз қатновини шартсиз тиклашга чақирди. Қатар дипломатик саъй-ҳаракатларни, жумладан, Покистон воситачилигидаги музокараларни қўллаб-қувватлаётганини билдирди. Расмийлар фикрича, вақтинчалик сулҳ етарли эмас, балки барча томонлар манфаатларини ҳисобга олган кенг қамровли ечим зарур.
Крит соҳилларида 300 дан ортиқ муҳожир қутқарилди

Греция расмийларининг маълум қилишича, сўнгги 48 соат ичида Крит ороли яқинида 300 дан ортиқ муҳожир қутқарилди. Улар асосан Бангладеш, Миср, Яман ва Судандан келган бўлиб, камида учта кичик қайиқда хавфли саёҳат қилган. Қутқарув операциялари кучли шамолларга қарамай давом этган, муҳожирлар эса вақтинча полиция назоратида сақланиб, кейинчалик материкдаги қабул марказларига юборилиши режалаштирилган. Сўнгги вақтларда Крит Ливиядан Европага ўтишда асосий йўналишга айланиб, бу йўл айниқса хавфли ҳисобланмоқда.
Шу билан бирга, Ўртa ер денгизида ҳалокатлар сони ҳам ортиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, йил бошидан бери юзлаб инсонлар ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Европа Иттифоқи эса ноқонуний миграцияни чеклаш учун янги чоралар, жумладан, “қайтариш марказлари”ни жорий этмоқда, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу сиёсатни танқид қилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, қатъий назорат миграцияни камайтириш ўрнига, одамларни янада узоқ ва хавфли йўлларга мажбур қилмоқда.
Орбаннинг Брюсселдаги таъсир тармоғи хавф остида(ми)?

Венгрияда Петер Мадьяр бош вазирликка келиши билан Виктор Орбан қўллаган Брюсселдаги сиёсий ва институционал тармоқ жиддий ўзгаришларга дуч келиши мумкин. Янги ҳукумат Европа Иттифоқи ва НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни ваъда қилган бўлиб, бу Орбанга яқин шахслар ва ташкилотларнинг позициясига таъсир қилиши кутилмоқда. Хусусан, Европа комиссари Оливер Вархейи ҳамда Брюсселдаги ҳукуматга яқин марказлар энди босим остида қолиши мумкин.
Шу билан бирга, дипломатик корпус ва таҳлил марказлари ҳам қайта кўриб чиқилиши эҳтимолдан холи эмас. Мадьяр давлат ресурслари тақсимоти ва сиёсий таъсир механизмларини текширишни ваъда қилган, бу эса айрим ташкилотларнинг молиялашувига таъсир қилиши мумкин. Таҳлилчилар фикрича, бу ўзгаришлар Венгриянинг Европа сиёсатидаги йўналишини тубдан ўзгартириб, Брюссел билан муносабатларда янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА