Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Қисқа, аниқ ва ишончли ахборот – глобал дунёда тезкор хабардорлик гарови. ЎзА жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни қисқа сатрларда тақдим этади.
Европа: энергия нархлари тез орада тушмайди

Европа Иттифоқи расмийлари Эрон низоси тугаса ҳам нефть ва газ нархлари яқин вақтда барқарор ҳолатга қайтмаслигини маълум қилди. ЕИ энергетика комиссари Дан Йоргенсенга кўра, таъминотда жиддий узилишлар йўқ, аммо дизель ва авиа ёқилғиси захираларига босим кучайган, глобал газ бозори эса тобора танқислашмоқда. Бу омиллар электр энергияси қийматининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Иттифоқ ҳозирда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун махсус чоралар пакети тайёрламоқда. Унда солиқларни камайтириш, газ ва электр нархларини ажратиш механизмлари ҳамда ижтимоий ёрдамни кенгайтириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Европа давлатлари энергия манбаларини диверсификация қилиш ва РФга қарамликни камайтириш сиёсатини давом эттирмоқда, чунки бозордаги беқарорлик узоқ муддат сақланиши мумкин.
Трамп: Эрон можароси икки-уч ҳафта ичида тугайди

Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп Эрондаги зиддият “икки-уч ҳафта ичида” тугаши мумкинлигини билдирди ва бу жараён келишувга боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Унга кўра, асосий мақсад — Эроннинг ҳарбий ва ядровий салоҳиятини бутунлай издан чиқариш, шундан сўнг АҚШ амалиётни тўхтатади. Оқ уй маъмурияти Трамп яқин кунларда миллатга мурожаат қилиб, вазият бўйича муҳим баёнот беришини маълум қилди.
Шу билан бирга, минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда: Эрон томонидан Кувайт, Баҳрайн ва Қатар атрофида ҳужумлар қайд этилди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳарбий амалиётлар давом этишини билдирди, Эрон эса урушни тугатишга тайёрлигини, аммо кафолатлар талаб қилаётганини айтмоқда. Вашингтонда эса НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш ҳақида сигналлар берилмоқда, бу эса можаронинг сиёсий кўламини янада кенгайтириши мумкин.
Исроил Жанубий Ливанни назоратга олмоқчи(ми)?

Исроилнинг Байрутга берган зарбалари натижасида камида етти киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳат олди. Ҳужумлар шаҳарнинг жанубий ҳудудлари ва унинг атрофида амалга оширилган бўлиб, Исроил томони бу ерда “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори лавозимли аъзолари нишонга олинганини билдирди. Шу билан бирга, жанубий Ливанда ҳам шиддатли жанглар давом этмоқда ва ракета алмашинуви кучайган.
Исроил мудофаа вазири Исроил Кац низодан сўнг мамлакат армияси Ливан жанубида хавфсизлик ҳудуди ўрнатишини ва Литани дарёсигача назоратни сақлаб қолишини айтди. Бу режа Ливан томони ва халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқид қилинди, чунки у аҳолини мажбурий кўчириш хавфини кучайтиради. Айни пайтда можаро қурбонлар сонини оширмоқда ва бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.
ЕИ: Орбан вето қилса, Россия активлари ишга тушиши мумкин

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас Украинага ажратиладиган 90 миллиард евролик молиявий пакет тўхтаб қолса, РФнинг “музлатилган” активларидан фойдаланиш варианти қайта кўриб чиқилишини билдирди. Украина ҳам бу позицияни қўллаб-қувватлаб, Москва тўлиқ товон тўламагунича ушбу масала кун тартибидан тушмаслигини таъкидламоқда.
Муаммонинг асосий сабаби — Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ветоси бўлиб, у “Дружба” нефть қувури орқали етказиб бериш тикланмагунча молиявий ёрдамга рози эмаслигини айтган. Бу эса ЕИ ичида кескин келишмовчиликка сабаб бўлди. Айрим давлатлар Россия активларидан фойдаланишни қўллаб-қувватласа, бошқалар ҳуқуқий ва молиявий хатарлардан хавотирда, шу боис масала ҳануз очиқ қолмоқда.
Бағдодда америкалик журналист ўғирлаб кетилди

Ироқ пойтахти Бағдодда америкалик журналист аёл номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳолатни тасдиқлаб, хавфсизлик кучлари зудлик билан қидирув операциясини бошлаганини маълум қилди.
Воқеа шаҳар марказида содир бўлгани айтилмоқда ва барча блок-постларга огоҳлантириш юборилган. АҚШ томони вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирган, аммо қўшимча маълумот бермаган.
Эрон низони тугатишга тайёр, аммо...

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён мамлакат урушни якунлашга тайёрлигини билдириб, бундан кейин бундай можаро такрорланмаслиги учун қатъий кафолатлар талаб қилинаётганини айтди. Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта эса вазиятни “жуда хавфли” деб баҳолаб, Теҳронни кескинликни юмшатиш ва дипломатик йўлни танлашга чақирди. Айниқса, Ҳурмуз бўғозида хавфсиз ҳаракатни таъминлаш масаласи музокараларнинг марказида қолмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет яқин кунлар вазиятни ҳал қилувчи омил бўлишини таъкидлаб, эҳтимолий ер усти операцияларини истисно қилмади. Вашингтон музокаралар давом этаётганини билдирса-да, ҳарбий босимни сақлаб қолмоқда. Дональд Трамп эса иттифоқчиларни танқид қилиб, энергия инқирози шароитида ҳар бир давлат ўз манфаатини ўзи ҳимоя қилиши кераклигини айтди, бу эса сиёсий тангликни янада кучайтирмоқда.
Европа тармоқлари “яшил энергия”ни кўтара олмаяпти

Европада электр тармоқлари қайта тикланувчи энергиядан ортда қолмоқда ва бу ҳолат жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда. Таҳлилларга кўра, эски инфратузилма сабаб 120 ГВтдан ортиқ қуёш ва шамол лойиҳалари амалга ошмай қолиши мумкин. Айниқса Австрия, Польша, Нидерландия, Португалия ва Руминия каби давлатларда тармоқ қуввати етишмаслиги кескин сезилмоқда. Мутахассислар бу муаммо энди техник эмас, балки энергия хавфсизлигига бевосита таҳдид эканини таъкидламоқда.
Муаммонинг асосий сабаби — Европа тармоқлари илгари марказлашган кўмир ва газ станциялари учун қурилгани, ҳозирги “яшил” энергия эса чекка ҳудудларда ишлаб чиқарилишидир. Натижада айрим мамлакатлар ортиқча электрни қабул қила олмай, ҳатто шамол турбиналарини ўчиришга мажбур бўлмоқда. Ечим сифатида инвестицияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ва истеъмолни мослаштириш каби чоралар кўрилмоқда, акс ҳолда Европа “яшил энергия”га тўлиқ ўтиш жараёнида жиддий секинлашувга дуч келиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА