Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ. Янги давлат котибининг баёноти
Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракат тўхтатилиши керак, деди АҚШнинг янги давлат котиби Марко Рубио.
CНН телеканали унинг баёнотидан қуйидаги иқтибосни келтирган:
– Биз уруш тугашини истаймиз, аниқ. Президентнинг гапини эшитдингиз, у тинчликни тарғиб қилувчи, можароларга барҳам беришга интилувчи раҳбар бўлишни хоҳлайди. Фақат бу анча қийин кечади.

Рубио қўшимча қилишича, ўт очишни тўхтатиш Президентнинг устувор вазифаси. Шунингдек янги мулозим инқирозни ҳал қилиш мураккаб жараёнлигини ҳам қўшимча қилган.
Остона – Қарағанда йўли ёпилди

Кеча тунда кучли қор бўрони сабаб Остона – Қарағанда республика миқёсидаги автомобиль йўлида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтаб қолган.
Қарағанда вилояти полиция бошқармаси баёнотига кўра, Темиртау терминалида 300 дан ортиқ машина тўпланди. Ҳайдовчи ва йўловчиларга эҳтиёт бўлиш, об-ҳаво маълумотини кузатиш ва шароит яхшиланмагунча, узоқ сафарга чиқмаслик тавсия этилди.
ХАМАС: Ғазога араб контингентини жойлаштириш муҳокама қилинмаяпти
Араб давлатларининг чекланган кучларини Ғазога жойлаштириш масаласи муҳокама қилинмаяпти, деди ХАМАСнинг Эрондаги расмий вакили Холид Ал-Қаддумий ТАСС мухбирига.
Унинг таъкидлашича, қаршилик кучлари Исроил билан келишувда ўз шартларини қўйган ва барча босқинчи кучлар худудни тарк этиши керак.
Аввал бир неча бор таклиф қилинган Ғазони тиклаш ва секторда янги фуқаролик маъмуриятини шакллантириш режасига муҳим банд сифатида анклавга қатор араб давлатлари ҳарбий контингентини жойлаштириш киритилган эди.
Ўмон Эрон ядровий музокарасига мезбонлик қилмоқчи

Ўмон Эрон ядровий дастури бўйича музокара самарали кечадиган бўлса, бунинг учун ўз ҳудудини яна бир бор тақдим этишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ушбу араб давлатининг Мисрдаги элчиси Ал-Раҳбий ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
– Агар Эрон ва Ғарб ўртасидаги мулоқот истиқболи кўринса, биз, шубҳасиз, яна бир бор воситачи ролини бажаришга тайёрмиз, – деди дипломат. – Расмийлар баёнотига қараганда, Теҳрон дунёнинг қудратли давлатлари билан музокарани қайта бошлаш истагини намойиш этмоқда.
Электр автомобиллари савдоси дунё бўйича 17,1 миллион донага етди

2024 йил глобал электромобиль сотуви 2023 йилга нисбатан 25 фоиз кўпайди ва рекорд даражага чиқиб, жами 17,1 миллион донани ташкил этди. Бу хабарни “Анадолу” ахборот агентлиги Буюк Британиянинг “Rho Motion” тадқиқот компанияси маълумотига таяниб тарқатди.
Европада бундай машиналар сотуви 3 фоиз – 3 миллион дона камайган. Буюк Британия ўтган йил давомида 400 000 дан зиёд электр аккумуляторли транспорт воситаси сотиб, бу борада қитъадаги бошқа мамлакатларни ортда қолдирган. Германияда 2023 йил охирида электромобиллар учун субсидия бекор қилингач, харид қисқарди.
2024 йил декабрь ойида Шимолий Америка бозори 185 минг доналик рекорд кўрсаткични қайд этди.Хитойда сотув 40 фоиз ўсиб, 11 миллион донага етди. Бу дунё бўйлаб жами савдонинг ярмидан кўпини ташкил этади. Чин мамлакати бозорида BYD компанияси моделлари етакчилик қилмоқда.
Трамп: Путин Украина билан сулҳ тузмасдан, Россияни вайрон қилмоқда

Трамп ўзининг дастлабки фармойишларини имзолагандан кейин журналистларга, жумладан, шундай деди:
– Зеленский келишувга эришмоқчи. Путин буни хоҳлаяптими ё йўқми, билмайман. Менимча, у шартнома тузмай, Россияни вайрон қилмоқда. Россия жиддий муаммога дуч келишини тахмин қиляпман. Уруш тугашининг эҳтимолий муддатини Путин билан телефон орқали суҳбатдан кейин аниқлаш мумкин.
Қирғизистонда диний никоҳлар тақиқланмоқчи

Қирғизистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган, фақат диний анъаналарга монанд тузилган никоҳларни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, никоҳ учун қуйи чегарани 18 ёш этиб белгилаш ҳам кўзда тутиляпти.
“Kazinform” агентлиги ёзишича, мамлакат Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги давлат рўйхатидан ўтмай туриб, диний никоҳ маросими ўтказганларга жавобгарлик белгилашни таклиф қилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган тегишли қонун лойиҳасига айрим ҳолларда 17 ёшга тўлганда турмуш қуришга рухсат берувчи қоидани бекор қилиш тўғрисидаги банд ҳам киритилган.
Мехико 2024 йил дунёдаги энг тирбанд шаҳар деб топилди

Мексика пойтахти дунё бўйича ўтган йилнинг энг тирбанд шаҳри, деб тан олинди. Нидерландиянинг “TomTom” навигация тизими ишлаб чиқарувчиси маълумотида айтилишича, Мехико бўйлаб саёҳат одатий тартибга нисбатан ўртача 52 фоиз кўп вақт оларкан.
Бухарест (Руминия), Пловдив (Болгария) ва Лодзь (Польша) 48 фоиз билан Европанинг тиғиз ҳудудлари мақомини банд қилган. АҚШда эса Лос-Анжелес (43 фоиз), Гонолулу (34 фоиз) ва Майами (33 фоиз) юқори тирбандлик кўрсаткичини қайд этди.
“TomTom” 62 мамлакатдаги 500 шаҳарнинг транспорт тизими билан боғлиқ маълумотини кузатиб боради. Компания таҳлилчилари фикрича, аввалги мавсумга нисбатан 2024 йил шаҳарларнинг 76 фоизида транспорт воситалари ўртача тезлиги пасайган.
Россия – Украина уруши эрта ҳам, индин ҳам тугамайди

Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат Қуролли кучлари олдида қилган чиқишида Россия – Украина зиддияти мавзусига тўхталаркан, бу уруш “эрта ҳам, индин ҳам тугамаслиги”ни таъкидлади:
– Европасиз, европаликлар билан музокарасиз минтақада тинчлик ўрнатиб, хавфсизликка эришиб бўлмайди. Бугунги муаммо Украинага омон қолиш ва келажакда ҳар қандай мулоқотга кучли позициядан туриб киришиш учун воситаларни беришдан иборат. Эртага, жанг тўхтаганда эса ушбу мамлакат ҳудудида уруш қайта бошланишига қарши, шунингдек ўз хавфсизлигимиз учун кафолат бериш лозим бўлади.
С.Раҳимов,
ЎзА