Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Озарбайжоннинг CОП29 раислиги глобал Шимол ва Жануб ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни тиклаш учун калит ҳисобланади. Бу ҳақда Озарбайжон экология вазири, CОП29 президенти Мухтар Бабаев “Форбес” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
– Бунга ривожланган мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган иқлимни молиялаштиришнинг янги мақсади орқали эришилади, -деди у. – Озарбайжон Шарқ, Ғарб ва Жанубни бир-бирига боғловчи чорраҳада жойлашган. Шунинг учун биз ривожланаётган ва ривожланган дунё ўртасида кўприк бўлишни истаймиз, — дея қўшимча қилди Бабаев.
***
Ливия миллий армияси ва Миллий бирлашув ҳукумати вакиллари АҚШга хавфсизлик соҳасида мақсадга эришишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. АҚШ қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги раҳбари (AFRICOM) генерал Майкл Лэнгли таъкидлашича, АҚШ Ливия билан дипломатик ва ҳарбий йўналишда алоқани ушлаб турибди. – Мен ўтган йили ҳукумат вакиллари билан учрашганман, улар ўз мақсадларини яхши билишади. Улар ушбу мақсадга эришмоқчи ва бу борада Америка билан ҳамкорлик қилмоқчи, - деб баёнот берди Америка генерали.
***
Саудия Арабистони мудофаа вазири Халед бин Салман Ол Сауд ва ХХР Марказий ҳарбий кенгаши раиси ўринбосари Чжан Юся Пекинда учрашув ўтказди.
Саудия матбуоти эълон қилган хабарда келтирилишича, томонлар ҳарбий ва мудофаа соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш йўлларини муҳокама қилган. Шунингдек, учрашувда Халед бин Салман Ол Сауд ва Чжан Юся икки мамлакатнинг стратегик муносабатлари муҳим эканини таъкидлашган.
***
Ботсванада АҚШ штаб бошлиқлари ва Африканинг 35 мамлакати мажлиси бошланди.
АҚШ қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги порталида эълон қилинган хабарга кўра, конференция Ботсвана пойтахти Габорон шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
– Учрашувдан кўзланган мақсад, хавфсизлик ва барқарорлик билан боғлиқ муаммоларга ечим топишда билим ва тажрибалар алмашиш, шерикликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат, - дейилади хабарда.
Икки кунга мўлжалланган мазкур тадбир Ботсвана ва АҚШ томонидан ташкиллаштирилган.
***
– Украинада низо давом этаверса, ядровий тўқнашув хавфи сақланиб қолаверади, -дея таъкидлади Туркия ТИВ раҳбари Хакан Фидан.
– Биз огоҳлантириб келаётган нарса айнан ядровий хавфдир. Уруш давом этар экан, ушбу хавф сақланиб қолади. Бундан қочиб бўлмайди. Томонларнинг ҳар бири воқеалар ривожини ўзгартирадиган усуллардан фойдаланишга мажбур. Учқун бошқа жойга ҳам кўчиб ўтиши мумкин бўлган вазият юзага келмоқда, - деб баёнот берди Фидан “Habertürk” телеканалига берган интервьюсида.
***
Россия томони Эрон билан кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисидаги битим яқин орада имзоланишидан умид қилмоқда, келишув матни устида ишлар якунланишига оз қолган, келишув бандлари бўйича бир тўхтамга келинган, деб баёнот берди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко “РИА Новости”га берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда икки мамлакат учун асосий вазифа бундай ҳужжатни имзолаш билан боғлиқ ишларни аниқлаб олишдан иборат.
***
– АҚШ Грузияни бошқараётган партия етакчиларининг ҳаракатлари ва баёнотларидан хавотирланаётганига қарамай, ушбу давлатни Вашингтонда бўладиган НАТО саммитида шериклик тадбирларига таклиф этади, -деди АҚШ давлат котибининг Европа ва Евро Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Жеймс Обрайен.
– Грузияда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун қабул қилиниши Вашингтонни қаттиқ хавотирга солди. Шу нарса аниқки, Грузия халқининг 80-85 фоизи ЕИ ва НАТО билан янада интеграциялашувни хоҳлайди, - дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун: жорий йилнинг 9-11 июлида Вашингтонда НАТО саммити бўлиб ўтади.
***
АҚШ Президенти Жо Байден Кенияни АҚШнинг НАТО аъзоси бўлмаган асосий иттифоқчиси, деб эълон қилди.
Йигирмага яқин мамлакат шунга ўхшаш имтиёзли мақомга эга. Байден президентлик қилган даврда яна учта - Кения, Колумбия ва Қатарга ушбу имтиёзли мақом берилди.
С.Раҳимов, ЎзА