Дунё таэквондочиларининг эътибори яна Тошкентга қаратилмоқда
Жорий йилнинг 12–17 апрель кунлари пойтахтимиз Тошкентда таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасида XV Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Чемпионатда иштирок этиш учун 118 та давлатнинг 990 нафар спортчиси рўйхатдан ўтган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йил Жанубий Кореяда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати рекордидан ошганини кўрсатмоқда
Дунёнинг энг маҳоратли ёш таэквондочилари қатнашадиган чемпионат беллашувлари қизлар ва ўғил болалар ўртасида 10 тадан вазн тоифасида ташкил этилади.
Мусобақалар пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да жойлашган Яккакураш спорт мажмуасида ўтказилади.
Куни кеча Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти, жаноб Чунгвон Чой Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раҳбари Шерзод Тошматов билан мулоқот чоғида тайёргарлик ишларига юқори баҳо бериб, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ривожлантириш учун муҳим платформа эканини, чемпионат 2026 йил ноябрь ойида Дакар шаҳрида ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинларига саралашнинг муҳим босқичи эканини билдириб ўтди.
Айтиш лозим, 2019 йилги ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати айнан Тошкентда ўтказилган эди.
Чемпионат дастурига биноан 10 апрель куни Тошкентда таэквондо WТ флешмоб тадбири ҳамда “World Taekwondo Performance” жамоаси иштирокида байрам шоуси ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 10 апрель куни Тошкентда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси кенгаши йиғилиши, мусобақа старти аввалидан расмий матбуот анжумани, 11 апрель куни эса Бош ассамблея йиғилиши ташкил этилиши белгиланган.
Жаҳон таэквондо ишқибозлари эътиборини ўзига қаратадиган Тошкент мусобақалари доирасида Ўзбекистон 2-Олимпизм ва тинчлик форуми тадбирларига мезбонлик қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА