Дубляж ҳам ижод, ҳам санъат
Мулоҳаза
20-асрнинг 60- 80-йилларида ўзбек бадиий киносининг дубляж санъати ўзининг энг юксак чўққисига чиққан десак асло янглишмаган бўламиз.
Албатта, бунда машҳур кино ва театр актёрлари – дубляж усталарининг маҳорати алоҳида ўрин тутган. Улар сирасига Олим Хўжаев, Шукур Бурхонов, Раззоқ Ҳамроев, Қудрат Хўжаев, Амин Турдиев, Воҳид Қодиров, Ҳамза Умаров, Обид Юнусов, Ойбарчин Бакирова, Муккамбар Раҳимова, Ҳожиакбар Нурматов, Омон Абдураззоқов, Рима Аҳмедова, Диас Раҳматов, Ёқуб Аҳмедов, Тўлқин Тожиев ва яна бошқа ўнлаб актёрларимизни киритиш мумкин.

Улар овоз берган киноларни қайта-қайта кўргингиз келади. Улардаги овоз товланишлари, сўзни аниқ ва тиниқ тарзда етказиб беришлари томошабинга бир олам завқу шавқ бағишлайди. Бундан ташқари, улар ўзбек тилининг нақадар гўзаллиги ва жозибадорлигини олам аро намойиш қилдилар. Дарҳақиқат, ўша пайтларда бизда ҳар йили бошқа республикаларда ишланган саксонга яқин бадиий фильмларга овоз берилган. Ушбу фильмлар сони оз бўлганданми уларнинг дубляжига энг таниқли, овозларининг жозибадорлиги жиҳатдан бошқаларникидан кескин ажралиб турувчи актёрлар таклиф қилинган.

Шундан бўлса керак, ўзбек тилига дубляж қилинган ҳар бир фильм тезда томошабинлар эътиборига тушган, меҳрини қозонган. Албатта, бу муваффақиятларда дубляж режиссёрларининг ҳам муносиб хизматлари бор.
Айтишларича, таниқли кино актёр Валерий Леонов Тошкентга келиб, бир кинони кўриш жараёнида ўзига овоз берган Воҳид Қодировни эшитиб, “ўзим гапираяпманми” деб ҳайратга тушган экан. Албатта, машҳур актёрнинг ҳайратланишича бор эди. Сиз ушбу актёр қатнашган “Омадли жентельманлар”, “Буғдойзор оралаб” каби фильмларни кўрсангиз, унга овоз берган Воҳид Қодировнинг маҳоратига фақат тан берибгина қолмасдан, тасаннолар айтасиз, унинг чинакам мухлисига айланасиз. Ёки Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурхоновнинг “Солдат отаси” фильмидаги бош қаҳрамонга берган овозларини эшитганингизда, урушда яраланган ўғлини кўриш учун отланган ота ўз дардларини сўзлаганида маъюслансангиз, “хоҳласам у ёққа, хоҳласам бу ёққа гулят қиламан” ёки “документ чатоқ, документ!” каби русча аралашган талаффузларини эшитганимизда беихтиёр лабимизга кулгу югуради. Сиз грузин фильмини эмас, ўзбек киносини томоша қилгандай бўласиз. Айниқса, отанинг босиб олинган ҳудуддаги узумзорни танкда босиб, янчаётган аскарни тўхтатиб, унга айтган сўзларининг таъсири туфайли кўзингизга ёш келади. Албатта, бу ерда актёрнинг, қолаверса унга овоз бераётган Шукур аканинг маҳорати, овози ниҳоятда катта рол ўйнаган. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаровнинг “Бошсиз чавандоз”, “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” каби фильмлардаги ёвуз тадбиркор ва шоҳга берган овозларини тинглаганингизда эса ўзбек тилининг нақадар ўктам, чиройли, худди олмосдай товланувчан эканлигини юракдан ҳис қиласиз. Шу тилда гапирганлигингиздан фахрланиб кетасиз.

“Қилич ва қалқон”, “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради”, ” Кавказ асираси” фильмларини ўзбеклаштиришда иштирок этган Ўзбекистон халқ артисти, севимли актёримиз Тўлқин Тожиевнинг Йоган Вайс, муғомбир ўғри ва Шурикка берган овозларини тинглаб тўймайсиз, кинони қайта-қайта кўрсангиз ҳам асло зерикмайсиз.
Мен Ўзбекистон радиосида ишлаган пайтларим Тўлқин ака радиога тез-тез келиб турарди. Шунданми, у киши билан суҳбатлашиш каминага кўп марта насиб бўлган. Ўша суҳбатларнинг бирида Тўлқин ака устози Ҳамза Умаровдан қандай қилиб овоз бериш йўлларини ўрганганлигини айтиб берарди. Ҳа, овоз беришда ҳам устозлардан ўрганиш, сабоқ олиш ниҳоятда зарурлигини ўшанда англаганман.

Севимли актёримиз Ҳожикабар Нурматовнинг театр ва кинода ўйнаган роллари бир томон
бўлса, дубляжадаги фаолиятлари бир томон эди. Биргина “Ишқдаги ишқ” фильмидаги Новосельевга берган овозини олайлик. Бу овоз ростдан ҳам нақадар ўйноқи, товланувчан ва таъсирчандир. Тинглаб туриб маза қиласиз, мириқиб куласиз, кези келганда ўйга толасиз. Қаҳрамоннинг баъзан дудуқланиб, баъзан тортиниб айтган (ўзбекча) сўзларидан завланасиз, актёр маҳоратига тан берасиз. Мазкур фильмда раҳбар аёлга овоз берган Ўзбекистон халқ артисти Рима Аҳмедованинг эса ҳар бир сўзи юраккача етиб боради.Уларни эшитиб ҳузур қиласиз, завқланасиз.
Умрининг сўнгги пайтларида Ҳожиакбар ака ҳам, Рима опа ҳам кўплаб хориж сериаллари қаҳрамонларига ҳам овоз беришди, уларнинг юртимиз томошабинларига танилишида, она тилимизнинг янада ривож топишида беқиёс хизмат кўрсатишди.

Яна бир ажойиб актёримиз Обид Юнусовнинг ҳам овозлари нақадар ёқимли, ўзига хос эди. У киши ҳам ҳаёт чоғларида юзлаб киноларни дубляж қилишда иштирок этди. Айниқса унинг “ Робинзон Крузонинг саргузаштлари ” фильмнинг бош қаҳрамонига берган овозлари актёр ижодида алоҳида ўрин тутади десак асло муболаға қилмаган бўламиз.
Чунки ушбу кино бошланиши билан Обид аканинг ўткир ва ёқимли овози бутун қалб, вужудингизни сеҳрлаб қўяди ва бу сеҳр кино ўз якунига етгунча сизни асло тарк этмайди.

Дубляж санъатининг яна бир улкан вакилларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов эди. У киши ҳам йиллар давомида театр ва кинода кўплаб роллар ўйнаши билан бир қаторда дубляжда ҳам самарали ижод қилди. У кишининг биргина “ Граф Монте Кристо” сериали қаҳрамонларидан бири Аббат Фариага берган овозлари томошабинлар ёдидан умрбод ўчмаса керак. Ёқуб ака мазкур персонаждаги ўзига хос жанговарлик, сирлилик ва донишмандликни томошабинга ўзининг такрорланмас овози ва маҳорати орқали тўла етказиб беролган.

Дарҳақиқат, ўша пайтларда яратилган “Ватанпарвар”, “ Оқ бўрилар”, “Шамолларда қолган ҳисларим”, “Уч мушкатёр”, “Омад ҳамиша келавермайди”, “Шерюрак”, “Қўлга тушмас қасоскорлар”, “Афоня”, “Конодор Долснинг саргузаштлари”, “Табиб” каби юзлаб бадиий фильмлар, шунингдек, “Бойлар ҳам йиғлайди”, “Тўрт танкчи ва ит”, “Капитан Танкеш” каби кўплаб хориж сериалларини ҳам юқорида номлари ва таърифлари келтирилган севимли актёрларимиз овозларида маза қилиб томоша қилганмиз, ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирганмиз. Ушбу кинолар дубляжида сўзнинг тўғри қўлланилишига жуда катта эътибор қаратилган. Ҳар бир жумла, ҳар бир сўз устида жуда қаттиқ ишланган.
Таржиманинг равон ва нуқсонсиз бўлишига ҳаракат қилинган. Кези келганда, актёрлар ҳам сўзларни тўри талаффуз қилиш юзасидан муҳаррир ва режиссёрларга маслаҳатлар беришган.
Бугунги кунга келиб эса дубляж соҳасининг тутган ўрни, миқёси янада кенгайиб кетди. Мустақилликдан олдин йил давомида саксонга яқин фильмлар дубляж қилинган бўлса, айни пайтда кўплаб хорижий фильмлар, ўнлаб сериаллар дубляж қилиниб, ўзбек томошабинларига етказиб берилмоқда. Бу ишда ҳам ҳар доимгидай соҳа усталари бўлмиш – актёр, режиссёр ва монтажчилар жонбозлик кўрсатиб, меҳнат қилишмоқда.

Сериаллар кўпинча синхрон тарзда дубляж қилиниб, бир актёр бир йўла уч-тўртта қаҳромонга овоз бермоқда. Шунданми, айрим пайтларда баъзи сўзлар овоз берган актёр томонидан шевада айтилмоқда, баъзан эса гапларда эга-кесим бири-бирига тўғри келмайдиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Гоҳида эса актёрнинг овози кинодаги қаҳрамоннинг юз тузилиши ва ҳаракатларига мос тушмаганлигини ҳам кўриш мумкин. Мазкур камчилиликларга қарамасдан, бугунги кунда ҳам дубляж соҳаси ривожланиб бормоқда. Соҳага янгидан янги ёш истеъдодлар кириб келмоқда. Уларга дубляжда суяги қотган, эл аро номлари машҳур актёрларимиз, жумладан Элёр Носиров, Эркин Комилов, Боир Холмирзаев, Ноила Тошканбоева, Маҳмуд Исмоилов, Дилдора Рустамова, Дилноза Кубаевалар устозлик қилишмоқда.
Ҳозир кўп соҳаларда бўлганидек, кино соҳасига, хусусан дубляжга ҳам давлатимиз томонидан жуда катта эътибор берилмоқда, ғамхўрлик қилинмоқда. Ана шундан фойдаланган ҳолда дубляждаги эришилган ютуқларни ривожлантириш, янгидан янги муваффақиятларга эришиш мумкин бўлади.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси,
ЎзА