Достон Отаболаев Ўзбекистон каратэсида янги саҳифа очди
Ўзбек каратэчиси тарихда илк бор жаҳон чемпионатининг финалига йўл олди.
Бугун, 16 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида каратэ бўйича бошланган жаҳон чемпионати баҳслари ўзбекистонлик спортчилар учун омадли бошланди.
Чемпионатнинг илк кунги баҳсларида ҳамюртимиз Достонбек Отаболаев 75 килограмм вазн тоифасидаги барча жангларни муваффақиятли ўтказиб, ярим финалда АҚШ вакили Томас Скоттни мағлуб этди ва финалга йўл олди.

Айтиш лозимки, Томас ўз вақтида каратэ бўйича бир неча бор пан Америка чемпионлигига эришган маҳоратли спортчи ҳисобланади. У ярим финал остонасида озарбайжонлик олимпия ўйинлари совридори Рафаэль Агаевни мағлуб этганди.
Жаҳон чемпионати дастурига биноан 20 ноябрь куни Отаболаев мисрлик Абдулалзиз Абдулла Мамду билан олтин медаль учун жанг қилади.
Эътиборли жиҳати, олимпия спорт турлари таркибига киритилган каратэ WКФ йўналишида ўзбекистонлик спортчи тарихда илк бор расмий жаҳон чемпионатининг финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Янада қувончлиси, Достон саралаш баҳсларида ўз матонати ва профессионал ҳатти-ҳаракати билан бир қатор олимпия ўйинлари иштирокчиларини татамидан бош эгиб чиқишга “кўндира олди”.
Дунёнинг 105 давлатидан минг нафарга яқин каратэчилар иштирок этаётган мазкур жаҳон чемпионатида 8 нафар Токио олимпиадаси ғолиби, ўнлаб қитъа ва дунё чемпионлари, шунингдек, Генниснинг рекордлар китобига киритилган испаниялик Сара Санчес каби енгилмас каратэчиларнинг Дубай татамиларида жам бўлганлиги нуфузли мусобақанинг нечоғлик шиддатли кечаётганидан далолат бермоқда.

Жаҳон чемпионти ката ва кумитэ йўналишларида бўлиб ўтмоқда. Бугун каратэнинг кумитэ йўналиши бўйича 5 та вазнда финалчилар номи аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, Дубайда давом этаётган дунё биринчилигида Ўткам Бекпўлатов мураббийлигидаги 15 нафар каратэчимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.
Чемпионат низомига кўра, мусобақанинг барча вазнларидаги саралаш ва ярим финал беллашувлари 16-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақанинг финал баҳслари эса 20-21 ноябрь кунларига белгиланган.
Тўлқин Рўзиев. ЎзА