Дўстликда пилла хирмони юксалмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Дўстлик туманида пиллачилик мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда. Соҳани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хонадонлар даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар айни кунларда ўз самарасини бераяпти.
Мавсум олдидан тумандаги 12 та маҳаллада ипак қуртини парваришлаш учун махсус хоналар ташкил этилди. Хусусан, Наврўз маҳалласидаги хонадонларда 300 қути ипак қурти парвариш қилинган бўлса, марказлашган пилла парвариши учун ташкил этилган хонада қўшимча 50 қути ипак қурти боқилди.
Мазкур жараёнларга 70 нафардан ортиқ ишсиз хотин-қиз жалб қилиниб, улар учун қўшимча даромад манбаи яратилди.
— Уй бекасиман, - дейди Ойсанам Турдимуротова. — Маҳалламизда ташкил этилган ипак қурти парваришлаш хонаси биз каби аёллар учун катта имконият бўлди. Бу йил 5 қути ипак қуртини парваришлаб, 316 килограмм сифатли пилла етиштирдик ва давлатга топширдик.
Айни кунларда туманда пилла терими қизғин паллага кирган. Меҳнаткаш аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар пилла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш учун сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Етиштирилган пилла хомашёси “G'allaorol Silk Eksport” масъулияти чекланган жамияти томонидан қабул қилиб олинмоқда. Топширилган маҳсулот учун тўловларнинг шу жойнинг ўзида амалга оширилаётгани пиллакорларга қўшимча қулайлик яратмоқда.
[gallery-29608]
Бугунги кунга қадар туман хирмонига 25 тоннадан ортиқ сифатли пилла топширилди. Айни пайтда мавсум давомида 100 тоннадан зиёд пилла хомашёсини қабул қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА