“Дўстлик стеласи” – бирлик рамзи (+видео)
Бундан бир йил муқаддам Фарғона вилояти ҳудудидаги Ўзбекистон– Тожикистон–Қирғизистон чегаралари туташган нуқтада “Дўстлик стеласи” уч давлат раҳбарлари томонидан очилган эди. Шу билан ўн йиллар давомида рўй берган чегара масаласидаги нохуш воқеаларга чек қўйилди.
Хўш, “Дўстлик стеласи” очилганидан сўнг ўтган бир йилда давлатлараро муносабатларда қандай ўзгариш бўлди?
Аввало, мамлакатлар ўртасидаги сиёсатда янги руҳ пайдо бўлди. У очиқлик, ўзаро ишонч тамойилига таянган. Фарғонада бўлиб ўтган “Дўстлик стеласи”– қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда шу каби масалалар таҳлил қилинди. Унда иштирок этган Марказий Осиё ва Озарбайжондан ташриф буюрган давлат мулозими, сиёсатчи ва олимлар ўтган бир йил давомида миллатлараро муносабатларда нималар ўзгаргани ҳақида фикр ва хулосаларини билдирдилар.
– “Дўстлик стеласи” нафақат учта давлатнинг рамзи, балки Ўрта Осиёнинг барча халқларини бирлаштирадиган рамздир,– дейди Қозоғистон халқ ассамблеяси қошидаги Республика медиация кенгашининг раҳбари, Остона шаҳар ўзбеклар жамияти раиси Шерзод Пўлатов. – Ўзбекистонда истиқомат қилувчи 130 дан ортиқ миллатлар ўз тили, маданиятини сақлаш учун барча шарт-шароит яратилганини кўрдик. Бу эса давлатнинг миллатларга нисбатан ҳурмати. Худди шундай шароитлар Қозоғистонда ҳам ўзбек миллати учун яратилди. 140 дан ортиқ мактабда таълим ўзбек тилида олиб борилади. Уларнинг ўз дўстлик уйлари бор.
[gallery-28452]
Конференцияда “Дўстлик стеласи”нинг аҳамияти ҳақида гапирилиб, унга таъриф ҳам бердилар.
– “Дўстлик стеласи” бунёд этилганига бир йил бўлган эсада, унинг пойдевори асрлар оша ҳам халқлар бирлигини ифодаловчи рамз бўлиб қолаверади. Менимча, вақтлар келиб “Дўстлик стеласи”нинг ҳуқуқий асослари ҳақида қонун ҳам қабул қилинар,–деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулрух Агзамова. – Гап нафақат халқлар бирдамлигини ифодалаш, балки келгуси авлодлар учун ҳам маънавий мерос ҳақида кетмоқда. Стела халқларнинг бир йилда бир марта учрашув жойи эмас, у Марказий Осиёнинг яхлит овози бўлиб қолади.
Ўзбекистон–Қирғизистон, Ўзбекистон–Тожикистон дўстлик жамиятлари раҳбарлари, Марказий Осиё давлатларидаги ўзбек миллий марказларининг раҳбар ва вакиллари сўзга чиқиб, ўзаро виза бекор қилинишининг ўзи етмайди, энди божхона меъёрлари, чегараолди савдоси имкониятлари ва халқ дипломатиясини янги босқичга олиб чиқиш зарур, дедилар.
Фарғона вилоятида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон” дўстлик форуми давом этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/k6sLU5bWgZ8" title="“Do`stlik stelasi” – birlik ramzi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА