Дўстлик саноат шаҳарчасига айланмоқда
Жиззах вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан Дўстлик туманига марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилган лойиҳалар билан танишишни “Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган микромарказдан бошлади. Бу ерда 10 гектар майдонда кичик саноат ҳамда тадбиркорлик зоналари ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 июлдаги “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Саноатчилар” МФЙ ҳудудидаги собиқ чиқинди полигони ўрнида 3 гектарлик микромарказ ташкил этилди. Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик каби фаолият турлари билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш юритиш шароитларини яхшилаш, ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилишини жадаллаштириш ҳамда шунга асосан доимий иш жойлари ташкил этилишини таъминлаш режалаштирилган.
Президентимизнинг 2023 йил 23 февралдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этади. Касаначиларга қулай солиқ режимини жорий этиш, фаолиятини йўлга қўйиш учун уларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятига касаначиларни кенг жалб қилишни рағбатлантириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш имконияти туғилди.
Ушбу микромарказдаги “Lola chinnilari” масъулияти чекланган жамиятда чинни буюмлари, “Do‘stlik iпnovatsion textil” МЧЖда ҳар хил турдаги сумкалар ва махсус кийимлар, “Manas agro cluster” МЧЖда газли ва газланмаган ичимлик сувлари ишлаб чиқариш каби лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, цинтафондан тайёр кўрпа, турли қоғоз, пенопластдан қурилиш-безак, зангламас металлдан мебель ва рўзғор буюмлари, қурилишбоп маҳсулотлар тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
– Тикувчилик мажмуасида ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда, – дейди Дўстлик туман инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бўлими бошлиғининг ўринбосари Олимжон Қаҳҳоров. – Россиялик ҳамкорлар билан 5 миллион АҚШ долларлик шартнома имзоланган. Чинни буюмлари эса Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларига экспорт қилинмоқда.
[gallery-15499]
Мазкур микромарказда фақат қурилиш материалларининг 35 тури 50 дан зиёд тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Эътиборлиси, тайёр маҳсулот шу ернинг ўзида истеъмолчига етказиб берилаётгани ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида марказнинг ёнида қурилиш моллари бозори ташкил этилганидир.
Пресс-тур иштирокчилари “Саноатчилар” МФЙ ҳудудида барпо этилаётган сув тозалаш иншоотида бўлди. Умумий қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этувчи иншоот туман учун муҳим аҳамият касб этадиган лойиҳалардан саналади. Дўстлик шаҳарчасидаги корхона, ташкилот, аҳоли хонадонларидаги оқова сув илгари очиқ майдонга чиқарилган эди. Янги барпо этилаётган иншоотда лойиҳага кўра, оқова сувлар тўпланиб, олти босқичда фильтрланиб, техник сувга айлантирилади.
Аҳамиятлиси, қайта ишланган сувдан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш имконияти туғилади. 1800 метр куб сувни қабул қилиш қувватига эга ушбу иншоот жорий йилнинг март ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Журналистлар пресс-тур давомида туман сув таъминоти идораси, “Саноатчилар” МФЙнинг янги биноси, “Чинобод” МФЙдаги “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари