Дорихоналар фаолияти талаб даражасидами?
Пойтахтимизда аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, биологик фаол қўшимчалар муомаласини давлат томонидан тартибга солишни мукаммаллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасадди раҳбарлари, соҳа ходимлари, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана реализацияси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Унда дори воситаларини сақлаш тартиби, дорихона майдони, фармацевтика фаолиятини янада такомиллаштириш, тиббий буюмларни маркировкалаш борасида сўз юритилди. Дорихоналарда фаолият юритаётган кадрлар масаласига эътибор қаратилиб, уларнинг мутахассислиги, билим даражаси талабга жавоб берадими-йўқми, деган савол ўртага ташланди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Президентнинг тегишли фармонида дорихоналарда татбиқ қилиниши белгиланган GPP талаблари бўйича тушунтириш берар экан, мақсад аптекалар сонини камайтириш эмас, балки дорихоналарнинг мавжуд талаб ва меъёрларга мувофиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш эканлигини таъкидлади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, пандемия даврида гувоҳи бўлдикки, дорига бўлган талаб кескин ошиб кетди. Дунё ҳамжамиятига мос равишда фаолият юритишимиз кераклиги кўриниб қолди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА