“Дўпка воқеаси” китоби ўқувчига нима беради?
Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Саида Рашидованинг болалар учун ёзилган “Дўпка воқеаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Саида Рашидова инглиз тили ўқитувчиси ва Тошкентдаги “Китобхон оналар” клуби асосчиларидан бири.
Муаллиф “Дўпка воқеаси” китобида миллий бош кийимимиз дўппининг кепка шаклидагисини қиёслаб келтирган ва уни Дўпка деб атаган. Китобда бош кийимдаги олти хил белги ҳақида ҳикоя қилинади.
Асосий қаҳрамон шарқона нақшли бош кийим Дўпка унутилмас саёҳатга чиқишни орзу қилади. Шунингдек, у ўзининг кимлигини ва безаклари нимани англатишини тушунишга ҳаракат қилади. Дўстлари унга ёрдам беради ва Дўпка билан биргаликда қадимий ўзбек бош кийимларининг келиб чиқиш маъносини англаб етишади. Мазкур китоб ўзининг жажжи ўқувчиларида миллий ва қадимий либосларимизга бўлган қизиқишни орттириш билан бирга Дўпка каби ўз ҳаракатларига ишониш туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.
Муаллифнинг фикрига кўра, “Дўпка воқеаси” бу мамлакатимиз маданияти ва урф-одатлари ҳақидаги замонавий ҳамда ҳаяжонли эртаклар сериясидир. У мазкур китоби билан ўзбек болалар адабиётида янги ва замонавий йўналишни фаол тарғиб қилмоқда.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА