Долзарб вазифалар муҳокама этилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев ва бошқалар Ўзбекистон барқарор суръатлар билан ривожланиб, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаганини таъкидлади.
Мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди. Қарорда алоҳида қайд этилганидек, юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.
Тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” бош ғоясини ўзида мужассам этган, истиқлол йилларида халқимиз эришган улкан ютуқларни, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар, ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.
Партиянинг ҳудудий кенгашларига аҳолининг кенг қатламлари ва электорат вакилларини жалб этган ҳолда жойларда тадбирлар ўтказиш тавсия этилди. Байрамолди тарғибот-ташвиқот ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида партия фаолларидан иборат махсус гуруҳлар тузилди.