Доҳадан Самарқандгача…
Давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни энди география эмас, манфаатлар белгилайди. Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари ҳам айнан шу қоидага таянади. Бир томонда Марказий Осиёнинг йирик иқтисодиёти, иккинчи томонда Форс кўрфазининг молиявий ва сиёсий жиҳатдан таъсирчан давлатларидан бири. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида шаклланган ишонч нафақат дипломатик алоқа, балки бутун бошли стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Доҳага навбатдаги ташрифи мазкур муносабат қанчалик мустаҳкам эканини яна бир бор намоён қилди. Расмий ташриф Қатарнинг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириш мақсадида амалга оширилган бўлса-да, амалда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий мулоқот узлуксизлигини тасдиқлади. Президентимизнинг Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашувида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси режалар муҳокама қилинди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси докторанти Мадинабону Мамажонова фикрича, aслида бу икки давлат муносабати тарихи узоқ. Қатар Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган, дипломатик муносабат 1997 йил 27 ноябрда ўрнатилган. Кўп йил давомида ҳамкорлик асосан расмий дипломатия билан чекланиб қолди. Вазият 2016 йилдан кейин кескин ўзгарди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик, амалий ҳамкорлик ва кўп қиррали дипломатияга таянган янги йўналиши Форс кўрфази давлатлари билан муносабатни ҳам жадаллаштирди. Хусусан, Қатар энг фаол шериклардан бирига айланди.
Бу йўлдаги ҳақиқий бурилиш 2023 йилга тўғри келди. Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Самарқандга давлат ташрифи икки мамлакат ҳамкорлигида янги саҳифа очди. Ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Президентининг Доҳага жавоб ташрифи ва “ЭКСПО Доҳа-2023” кўргазмасидаги иштироки сиёсий мулоқотни янада фаоллаштирди.
Дипломатик муносабатнинг институционал асоси ҳам нисбатан қисқа вақтда мустаҳкамланди. 2023 йил декабрида республикамизнинг Доҳадаги элчихонаси фаолият кўрсата бошлади, 2024 йил февраль ойида эса Қатарга илк элчимиз тайинланди. Алоқалар энди муваққат ташаббуслар эмас, балки доимий дипломатик механизмга таянган.
Инвестициядан стратегик шерикликка
Сиёсий ишонч ҳар қандай ҳамкорлик пойдевори, ҳақиқий қиймат иқтисодий натижада намоён. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қатар муносабатида айнан шу жараён кузатилмоқда. Бугун икки давлат алоқалари дипломатик мулоқот доирасидан чиқиб, инвестиция, саноат, энергетика, транспорт, таълим соҳаларини қамраб олган шерикликка айланган.
Ҳозирча Қатар Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари қаторида эмас, бироқ ўсиш суръати бошқа кўплаб давлатлардан юқори. Расмий маълумотга кўра, 2025 йил якунида товар айирбошлаш аввалги йилга нисбатан 30,1 фоиз ошган, Ўзбекистон экспорти 36,5 фоиз кўпайган. Йил давомида қайд этилган яна бир муҳим кўрсаткич товар айланмаси 45 фоиз ўсганидир. Бу рақамлар ҳали жуда йирик ҳажмни англатмаса-да, муносабат барқарор суръатда кенгайиб бораётгани яққол кўринади.
Ўзбекистон Қатар бозорига асосан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бермоқда. Қатардан эса нефть-кимё маҳсулотлари ҳамда юқори технологияли ускуна импорт қилинмоқда. Энг муҳими, томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим устида иш олиб боряпти. Агар ушбу ҳужжат имзоланса, божхона тўсиғи қисқаради, товар ҳаракати тезлашади ва икки давлат бизнеси учун янги имкониятлар очилади.
Савдодан ҳам муҳимроқ йўналиш – инвестиция. Қатар бугун жаҳоннинг энг йирик сармоявий марказларидан бири. Ўзбекистон эса иқтисодиётни модернизация қилиш ва хусусий капитал жалб этиш сиёсати орқали жозибадор бозорга айланмоқда.
2025 йил инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Доҳага ташрифи ана шу жараённи янги босқичга олиб чиқди. “Qatar Investment Authority”, “Qatar Mining”, “Qatar Pharma”, “Global Infrastructure Partners”, “Retaj Group” каби йирик компаниялар билан ўтказилган музокарада фармацевтика, қурилиш, “ақлли шаҳар” лойиҳалари, электробус ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва туризм соҳасидаги инвестиция дастурлари муҳокама қилинди.
Жорий йил ҳамкорлик янада кенгайди. “Thirty Five Investment Holding” компанияси билан узоқ муддатли капитал жалб қилиш истиқболи кўриб чиқилди. Шунингдек транспорт, энергетика, логистика, таълим ва туризмни қамраб олган 7 стратегик йўналиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Демак, Қатар капитали Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига кириб келмоқда.
Энергетика соҳаси ҳам шерикликнинг муҳим нуқтасига айланмоқда. Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика дастурлари Қатар тадбиркорларида жиддий қизиқиш уйғотяпти. Қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, энергетика инфратузилмасини такомиллаштириш ташаббуслари мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаб, қайта тикланувчи энергия улушини оширади.
Транспорт ва логистикада ҳам янги имкониятлар шаклланмоқда. Ўзбекистон транзит салоҳияти Қатар глобал логистика стратегияси билан уйғунлашмоқда. Мутахассислар транспорт марказларини ривожлантириш, рақамли алоқа кабеллари барпо этиш ва янги логистика занжири яратиш бўйича қатор лойиҳаларни муҳокама қилмоқда. Бу ташаббуслар юртимизнинг халқаро транспорт тармоғидаги аҳамиятини янада оширади.
Қатар учун озиқ-овқат хавфсизлиги стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон эса қишлоқ хўжалиги салоҳияти билан мазкур эҳтиёжни қондириш имконига эга давлат. Шу боис агрокластерлар ташкил этиш ва маҳаллий маҳсулотларни Яқин Шарқ бозорига жўнатиш алоҳида аҳамият касб этади.
Туризм ҳам икки давлат муносабатида тез ривожланаётган соҳа. Қатар компаниялари Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси ва туристик инфратузилмага сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда. Виза тартиби соддалаштирилиши ва тўғридан-тўғри ҳаво қатнови қўйилиши сайёҳлар оқимини янада тезлаштириш учун қулай шароит яратади.
Инсон капитали соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги мазмун касб этмоқда. Таълим тизимида амалга оширилаётган қўшма дастурлар, меҳнат бозори эҳтиёжига мос мутахассислар тайёрлаш ташаббуслари бунинг яққол исботидир. Айниқса, “Qatar Airways” томонидан Ўзбекистондан авиация, муҳандислик, механика ва электротехника соҳалари бўйича 1600 нафаргача мутахассисни ишга жалб қилиш режаси тузилгани ҳамкорлик амалий натижа бераётганини кўрсатади.
Университетлар аро алоқа, қўшма тадқиқот ва академик алмашинув дастурлари ҳали тўлиқ ишга солингани йўқ. Демак, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик муносабатнинг кейинги ўсиш нуқтаси.
Таҳлил кўрсатадики, тезкор сиёсий мулоқот билан чекланмайдиган Ўзбекистон – Қатар муносабати иқтисодий манфаат, инвестиция, технология ва инсон капиталига таянган узоқ муддатли шериклик моделига айланмоқда. Ислоҳот изчил давом этса, мазкур ҳамкорлик нафақат икки мамлакат, балки Марказий Осиё ва Форс кўрфази ўртасидаги минтақалар аро интеграциянинг муваффақиятли намунасига айланади.
2025 йилга келиб муносабатлар стратегик шериклик мақомига кўтарилди. Бу қадам шунчаки сиёсий баёнот эмас, балки янги ҳамкорлик институтлари шаклланиши билан аҳамиятли. Ташқи ишлар вазирлари раҳбарлигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши каби платформалар алоқани мунтазам мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги уч йилда Ўзбекистон ва Қатар раҳбарлари беш марта юзма-юз учрашди. Бундай юқори даражадаги мулоқот турли форматда – давлат ташрифи, халқаро саммит ва гуманитар тадбирлар доирасида давом этди. Яъни, муносабат фақат расмий протокол билан чекланмаяпти, балки ўзаро ишонч ва узоқ муддатли шерикликка асосланган.
Парламентлар аро дипломатия ҳам фаоллашмоқда. 2025 йил апрель ойида Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоқ 150-юбилей ассамблеяси доирасида араб давлатлари, жумладан Қатар парламенти раҳбарлари билан ўтказилган учрашувлар қонунчилик соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имконият очди. Айни ҳолат сармоявий лойиҳалари ва икки томонлама келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон ва Қатар нафақат икки томонлама, балки халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқот платформаси шулар жумласидан. Бу майдонларда илгари сурилаётган ташаббуслар инновация, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт ва рақамли трансформация каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратган.
Хуллас, Ўзбекистон ва Қатар сиёсий ишончни институционал ҳамкорликка, институционал ҳамкорликни эса стратегик шерикликка айлантиришга муваффақ бўлди. Жараённинг энг муҳим жиҳати ўлароқ, муносабат алоҳида ташриф ёки баёнотлар эмас, балки аниқ механизм, узоқ муддатли мақсадлар билан мустаҳкамланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА