Дмитрий АЗАРОВ: Самарада Ўзбекистон текстил маҳсулотлари маркази ташкил этилади
Тошкентда Ўзбекистон-Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми давом этмоқда. Ушбу кенг кўламли тадбирда Россия Федерацияси Самара вилояти губернатори Дмитрий Азаров ҳам иштирок этмоқда.
Тошкентда Ўзбекистон-Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форуми давом этмоқда. Ушбу кенг кўламли тадбирда Россия Федерацияси Самара вилояти губернатори Дмитрий Азаров ҳам иштирок этмоқда. Форум доирасида Дмитрий Азаров ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Аввало шуни айтишни истардимки, биз мамлакатингизнинг мана шундай илиқ ва самимий меҳмондўстлиги учун миннатдормиз, катта мамнуният билан Ўзбекистон-Россия I ҳудудлараро ҳамкорлик форумида иштирок этмоқдамиз.
Ўзбекистон ва Россияни чуқур иқтисодий, гуманитар алоқалар, шунингдек, мамлакатларимиз раҳбарларининг дўстона муносабатлари боғлаб туради. Мазкур форумнинг ташкил этилгани ҳам мамлакатларимиз ҳамкорлик алоқалари катта салоҳиятга эга эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Ушбу кенг кўламли тадбир барча соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш майдони бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Форум доирасида ташкил этилган кўргазмада Самара вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ҳудудимизнинг инвестициявий салоҳияти ҳам намойиш этилмоқда. Биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан Самара вилоятида текстил маҳсулотлари маркази ташкил этиш бўйича келишувга эришдик. Бундан ташқари, Наманган, Хоразм вилоятлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқмоқдамиз. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари иқтисодий салоҳияти ҳам бизда катта қизиқиш уйғотмоқда.