“Дийқан арна” тажрибаси оммалаштирилади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида ҳудудларда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хонадонлар даромадини ошириш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Ташриф доирасида Президентимиз Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида йўлга қўйилган асаларичилик кластери фаолияти билан яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, шундай деди: “Оролбўйини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Маҳаллаларда бошланган бундай хайрли ишлар кўламини янада кенгайтириш, ҳар бир хонадонга кириб бориб, уларнинг даромад манбаини шакллантириш лозим. Асаларичилик нисбатан кам ер майдони ва ресурс талаб қиладиган, аммо юқори даромад келтирадиган ва оила аъзоларини биргаликда меҳнатга жалб этадиган истиқболли соҳадир”.
Бугунги кунда Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалласида 20 дан ортиқ хонадонда асалари парваришлаш йўлга қўйилган. Бу ерда аҳоли томонидан асал етиштириш билан бир қаторда маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, сотиш ҳамда асаларичилик учун зарур бўлган қутиларни тайёрлаш каби қўшимча йўналишлар ҳам жадал ривожланмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир хонадонда 50 -100 та асалари оиласини парвариш қилиш орқали мавсум ва табиий шароитдан келиб чиққан ҳолда йилига 1 тоннагача асал олиш имконияти мавжуд. Бу эса хонадон аъзоларининг доимий бандлигини таъминлаб, оилавий даромадни сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, асалдан ташқари мум, прополис, гулчанги каби қўшимча маҳсулотлар етиштириш ҳам аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада истиқомат қилувчи тажрибали асаларичи Бахтияр Жубаев хонадонида бўлди. Асални қайта ишлаш цехи фаолияти, маҳсулотларни тайёрлаш ва қадоқлаш жараёнлари, шунингдек, асалари қутиларини ишлаб чиқариш устахонаси билан танишди. Эътиборлиси, ушбу хонадонда асални шунчаки хом ашё сифатида сотиш билан чекланмасдан, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида истеъмолчиларга етказиб бериш тизими тўлиқ йўлга қўйилган. Натижада маҳсулотга қўшимча қиймат яратилиб, сотишдан олинадиган фойда ҳажми ҳам оширилмоқда.

Ҳозирги кунда Б. Жубаев хонадонида бир мавсум давомида 2 тоннагача қайта ишланган асал маҳсулоти тайёрланиб, ички бозорга чиқарилмоқда. Ушбу фаолият ҳисобидан йил давомида қарийб 200 миллион сўм атрофида соф даромад олинмоқда. Бу маҳаллада асал етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида сотишгача бўлган тўлиқ қиймат занжирини шакллантириш мумкинлигини амалда исботламоқда. Бундан ташқари, хонадондаги устахонада бир йилда 250 тадан ортиқ сифатли асалари қутилари тайёрланиб, маҳаллий асаларичиларга етказиб берилмоқда. Ушбу йўналишнинг ўзидан йилига қўшимча 80 миллион сўмгача даромад олинмоқда.
Ўз ишининг фидойиси бўлган, соҳани ривожлантириш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этишда алоҳида ташаббускорлик кўрсатиб келаётган асаларичи Бахтияр Жубаевнинг фидокорона меҳнати юксак қадрланиб, Президент Фармонига асосан у “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ижобий тажрибани кенгайтириш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунга кўра, йил якунига қадар “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси томонидан тумандаги яна 100 та хонадонда кооперация асосида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунда аҳолига асалари оилаларини парваришлаш бўйича амалий кўникмалар бериш, зарур жиҳозлар ва асалари қутилари билан таъминлаш, ветеринария ва зоотехник хизматларни ташкил этиш ҳамда етиштирилган асални марказлашган тартибда йиғиш ва сотувга чиқариш тизими йўлга қўйилади.
Кооперация тизимининг кенгайтирилиши натижасида асаларичилик билан шуғулланувчи хонадонлар сони ортиб, аҳолининг доимий даромад манбаи шаклланади. Шу билан бирга, ҳудудда асал ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифати ортади, маҳаллий бозор сифатли ва табиий маҳсулотлар билан таъминланиб, келгусида экспорт имкониятлари кенгаяди.
Хулоса қилиб айтганда, Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалласи тажрибаси “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилининг ҳаётдаги ёрқин ифодасидир. Асаларичиликни маҳалланинг иқтисодий “ўсиш нуқтаси”га айлантириш, хонадонлар даромадини ошириш ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ташаббуслар Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида изчил оммалаштирилади.
Камола Юсупова,
ЎзА