Динлараро бағрикенглик мавзусида семинар-тренинг
Бухорода Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан “Динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалалари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари, диний конфессиялар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида гап кетар экан, унинг асосида энг аввало диннинг давлатдан ажратилиши тамойили амалга оширилади. Бу ҳақда Конституциямизнинг 75-моддасида “Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди” деб белгиланган.
Бугунги кунда республикамизда 16 та ноисломий конфессияга мансуб ташкилот эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам бунинг амалий ифодасидир
[gallery-16264]
Амалга оширилаётган лойиҳанинг мақсади ҳам Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва тинч-тотув яшашни тарғиб қилишдан иборат.
Семинар-тренингда “Дунёвий давлатда диний ташкилотларнинг фаолият юритиш масалалари, муаммолар ва уларнинг ечимлари”, “Динлараро ва бир дин ичидаги муносабатлар”, “Ўзбекистонда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик ҳамда тинч-тотув яшашликни мустаҳкамлаш масалалари”, “Журналистларнинг диний конфессия вакиллари билан ўзаро муносабати: воқелик, стереотиплар” мавзуларида тақдимотлар ва муҳокамалар бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашчилари диний ташкилотларда бўлиб, у ерда яратилган имкониятлар билан танишди.
Марказ тренер ва экспертлари томонидан иштиркочиларнинг саволларига жавоблар берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари