Диний бағрикенглик — тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли
Мамлакатимизда «Бағрикенглик ҳафталиги» тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасида «Диний бағрикенглик» кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими ташкил этилди.
Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, миллий маданий марказлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, маърифий-диний марказлар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир неча йил аввал таъсис этилган «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони юртимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган инсонларнинг меҳнати ва эзгу интилишларини эътироф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эътиборлиси, бу йилги «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони соҳиблари орасида миллий маданий марказлар, маърифий муассасалар ва элчихоналар вакиллари ҳам бор.
[gallery-32559]
— Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор марказимиз фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда, — деди Республика Тожик миллий маданий марказининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари, «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони соҳиби Саврон Мирзаев. — Дарҳақиқат, энг катта бойлигимиз — тинчлигимиз, аҳиллигимиз ва дўстлигимиз. Ўзбекистонда «Бағрикенглик ҳафталиги»нинг юксак савияда ўтказилаётгани ҳам бу борадаги амалий эътиборнинг ёрқин намунаси.
— Диний бағрикенглик ва эътиқод эркинлиги Қўшма Штатларда ҳам юксак қадрланади, — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник. — Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар мени ҳайратда қолдирди. «Диний бағрикенглик» кўкрак нишонига сазовор бўлганимдан жуда мамнунман.
Тадбир якунида «Диний бағрикенглик» кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ибратли ишлар, бу борадаги ҳамкорлик ва ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА