Дилбар, меҳнаткаш, азиз аёллар
Тошкент Фотосуратлар уйида Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган тасвирий санъат ва бадиий фотосуратлар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазма Оила ва хотин -қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи томонидан ташкил этилди.

Маълумки, Халқаро қишлоқ аёллари куни 2008 йилнинг 15 октябрь кунидан нишонлана бошланган. Бу кунда БМТ қишлоқ жойларда яшовчи аёлларнинг муаммоларига, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон ҳаёти, зўравонлик ва таҳқирлашдан ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратишга чақиради.
Халқаро қишлоқ аёллари куни доирасидаги маънавий-маърифий тадбирлар давомида асосий эътибор хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалиги ривожи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, оилалар ва қишлоқлар фаровонлигини янада оширишдаги ўрни ва қўшган ҳиссасига қаратилмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси матбуот хизмати хабар беришича, кўргазма экспозициясида қишлоқ хотин-қизларининг кундалик турмушидаги турли жиҳатларини акс эттирувчи тасвирий санъат ва фотосанъат асарлари тақдим этилган.
Кўргазмани шартли равишда уч қисмга ажратиш мумкин: биринчи қисмда асосан оқ-қора рангдаги ретро фотосуратлар намойиш этилмоқда. Уларда ўз даврининг жамоат ишларида фаол иштирок этган машҳур хотин-қизлар акс эттирилган. Фотосуратлар Ўзбекистон Давлат архивида сақланаётган ноёб ретроспектив суратларнинг нусхаси ҳисобланади.

Иккинчи бўлимда тақдим этилган рангли фотосуратлар ҳозирги кундаги ҳаётимизни акс эттиради. Булар Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси фоторассомлар секцияси аъзолари Р.Шагаев, Р.Шарипов, А.Жумаев, В.Гончаренко, В.Шлосберг, Н.Боймуродова, С.Деҳқонов, шунингдек, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги фотомухбирларининг асарларидир. Уларда ҳозирги кун қишлоқ аёллари иш вақтида, турли ҳаётий вазият ва ҳолатларда акс эттирилган.
Кўргазманинг учинчи қисмини ёш рассомларнинг тасвирий санъат йўналишидаги асарлари ташкил этади. З.Фармонов, Ф.Бозоров, С.Музаффарова, Ф.Атамуллаева, Ф.Мамадиёров, Г.Жалолова каби иқтидорли рассомларнинг асарларида аёл латофати, унинг меҳнатсеварлиги, унинг гўзал оналик хислатлари намоён бўлган.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош- вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Н.Усмонова, ЎзА