«ДХМ-маҳалла-фуқаро» тамойили амалда...
Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси томонидан бирқатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятдаги барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари билан келишувлар имзоланган бўлиб, шу асосида вилоятдаги барча маҳаллаларни қамраб олган ҳолда «ДХМ-маҳалла-фуқаро» тамойили асосида тарғибот тадбирлар жадвали ишлаб чиқилди.
Мазкур жадвалда белгиланган маҳаллаларда, марказ ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фуқаролар иштирокида ўқув-семинар тадбирлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда.
Учрашувларда маҳалла фуқаролари ўртасида давлат хизматлари юзасидан «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади», «Тезкор, қулай ва шаффоф хизматлар» тамойилларига кўра, давлат хизматлари кўрсатиш механизмини аҳолига тушунтириш, бу орқали аҳоли орасида электрон давлат хизматларидан фойдаланувчилар сонини ошириш тарғиб қилиб борилмоқда.
Бу каби тадбирлар ДХМ ходимлари томонидан умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ўтказилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Хоразм вилоятида жами 519 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, қисқа вақт ичида, шулардан 120 тасида амалий тадбирлар ўтказилиб, иштирокчиларга давлат хизматларидан фойдаланиш юзасидан тушунчалар берилди.

Шу билан бирга, аҳолига кулайлик яратиш мақсадида тадбирлар давомида фуқароларга мобил давлат хизматлари ҳам кўрсатилиб келинмоқда.Статистик маълумотларга кўра, маҳаллаларда ўтказилган тадбирлар давомида фуқароларга жами 846 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилган.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, амалга оширилаётган бу каби ишлар, тизим ташкилотлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилганлигининг далолатидир. Умуман олганда Давлат хизматлари агентлигининг асосий мақсади, аҳолига турли тўсиқларсиз ва ортиқча ҳужжатларсиз давлат хизматлари кўрсатишдан иборатдир. Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бари юртдошларимизнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир. Зеро Президентимиз таъкидлаганларидек, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим».
Давлат хизматлари агентлиги
Хоразм вилоят бошқармаси ахборот хизмати