Депутатлар фермерлар билан суҳбатлашди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Боёвут туманида ғалла ўрим-йиғими жараёни билан танишиб, фермерлар билан суҳбатлашди.
Фермер ерга буғдой уруғини қадаб, уни етиштиргунча озмунча меҳнат қилмайди. Уруғ униб чиқиб, ҳосилга киргунча неча тунларни тонгга улайди. Экинни ҳар хил об-ҳаво шароитида суғоради, ўсимликни зараркунандалардан асрайди, серҳосил бўлсин, дея ўз вақтида агротадбирларни олиб боради.
Табиийки, бунда даромад ҳам шу меҳнатга яраша бўлиши керак. Ҳеч кимга сир эмаски, ички бозорни арзон ун ва нон билан таъминлаш мақсадида буғдой харид нархларини давлат томонидан бозор тамойилларига риоя этмасдан белгилаш фермернинг чўнтагига зиён қилаётган эди.

Шу боис, қанчалик мураккаб бўлмасин юртимиз қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларига ўтилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борадаги ислоҳотлар бир неча йил олдин бошланган эди ва ниҳоят, ғалла бозорини эркинлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳам ташланди. Жорий йил 28 май куни Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори қабул қилинди.
Бу билан шу йил 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиб, ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари Боёвут туманида бўлиб, ғалла ўрим-йиғими мавсумида ҳосилни қисқа муддатларда нес-нобуд қилмай йиғиб олиш мақсадида ташкил этилган иш жараёни билан танишди. Шунингдек, депутатлар боёвутлик фермерлар билан бўлган суҳбатда Президентимизнинг юқоридаги қарори, унинг мазмун-моҳияти, қишлоқ хўжалиги соҳасини эркинлаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш йўлидаги яна бир қадам эканлигини тушунтирди.

– Энди деҳқон, фермер, кластерлар ўзи етиштирган маҳсулотни бозор нархида сотиб, ҳақиқий даромад кўради, – деди Қонунчилик палатаси депутати Бегали Қодиров. – Қарор билан давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни икки бараварга оширилди. Кўриниб турибдики, давлат томонидан ғалла харидлари икки бараварга оширилгач, ғалла захираси ҳам ишончли, ҳам кафолатли тарзда давлат омборларига йиғиб олинади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.